Аллоҳ таолога беадад ҳамду санолар ва Пайғамбаримиз Муҳаммад (с.а.в)га дуруду салавот ва саломлар бўлсин!
Ватанимиз обод ва кўркам бўлиб бормоқда. Юртимиз тупроғи эса серунум ва гўзал боғлари серҳосил эканлигидан қанча кўп фахрлансак арзийди. Бу ҳам Аллоҳ таоло бизларга кўплаб яхшиликларини ато этишни аломатидир. Бунинг нақадар ҳақиқат эканлигини қуйидаги ҳадиси-шарифдан ҳам билиб олишимиз мумкин. Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом шундай марҳамат қиладилар:
яъни: “Бирон-бир мусулмон кишиси бир дарахт ўтқазса, ёки бир нарса экса, бас ундан қуш ёки инсон тановул этиб, манфаатланса, шу сабабдан у киши эҳсон қилганлик савобига эришур”.
Ривоят қилинадики, бир киши улуғ саҳобий Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг олдиларидан ўтиб бораётса, у зот ёнғоқ кўчати экаётган эканлар. У киши Абу Дардо розияллоҳу анҳуга қараб: “Улуғ ёшга кирган бўлсангиз ҳам кўчат экасизми, ахир бу фалон йилдан сўнг мевага кираду-ку” – деди. Абу Дардо розияллоҳу анҳу бунга жавобан: “Менга савоби етса бўлди, мевасини бошқалар истеъмол қилаверсин” – деган эканлар.
Вилоятимизда ҳам жуда кўплаб хайрли ишлар амалга оширилаётган бўлиб, шу кунларда вилоятимиз бўйлаб вилоят ҳокими Ш.Абдураҳмонов ташаббуси билан яна бир хайрли ишга қўл урилди. У ҳам бўлса вилоятимизда “Эко акцияси” ўн кунлиги эълон қилинди. Бу ташаббус эса барчани бирдай қувонтирди. Сабаби эса ўлкамизга кириб келаётган баҳор, янгиланиш фаслида бутун вилоятимиз аҳолиси томонидан кўкаламзорлаштириш ишларига алоҳида эътибор қаратилади. Ушбу “Эко акцияси” доирасида эса вилоятимизнинг барча ҳудудларида ободонлаштириш, кўкаламзорлаштириш ишларига янада эътибор қаратилади десак асло муболаға бўлмайди. Вилоятимизда фаолият кўрсатаётган масжид имом-хатиблари орасида ҳам мазкур акция доирасида бир қатор хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Масжидларнинг олд қисми ва экин майдонларидаги бўш жойларга манзарали ва мевали дарахтлар экилмоқда.
Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу: “Аллоҳ таоло юртларни Ватан муҳаббати билан обод қилди” деганлар. Ва яна “Агар Ватан муҳаббати бўлмаганида юртлар хароб бўлади” деганлар.
Инсоннинг ўз Ватанига, яшаб турган гўшасига бўлган меҳр-муҳаббати – унинг ободлиги йўлида начоғлик ҳисса қўшиши билан боғлиқдир. Сизу-биз Ватанимизни севар эканмиз, унинг ободончилигига ҳам муносиб ҳисса қўшмоғимиз даркор. Шу он, шу фурсатда эса барчаларимизда гўзал ва бетакрор бўлган Андижонимизга бўлган муҳаббатимизнинг исботлаш вақти келди деб ўйлаймиз. Унинг ободончилиги йўлида бир ёққадан бош чиқариб ҳаракат қилайлик, бирлашайлик!
Ушбу хайрли ишлардан биргина мақсад эса, юртимиз чиройига янада чирой қўшиб, юртдошларимизнинг Ватанга бўлган муҳаббатини янада ошириш, уларнинг табиатга бўлган эътиборини янада юксалтиришдан иборатдир.
Аллоҳ таолодан юртимизнинг янада обод ва гўзал бўлиши йўлида фидокорона меҳнат қилаётган барча юртдошларимизни тинч ва омон айлаб, икки дунё саодатига сазовор қилсин. Юртимиз тинч, осмонимиз эса доимо мусаффо бўлсин.
Мирзамақсуд домла Алимов
Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг
Андижон вилояти вакили,
вилоят бош имом-хатиби