Ўзбекистон янгиликлари

Конференция Европа диншунос олимлари ўртасида ҳам катта қизиқишга сабаб бўлаяпти
ГАМБУРГ, 2 март. /“Дунё” АА/. Гамбург университетининг Дунё динлари академияси олими Хурейре Кам “Дунё” АА мухбири билан суҳбатда жорий йилнинг 3-5 март кунлари Самарқанд шаҳрида ўтказиладиган “Имом Абу Мансур Мотуридий ва мотуридия таълимоти: ўтмиш ва бугун” мавзусидаги халқаро конференцияга оид фикрлари билан бўлишди. 

– Ушбу нуфузли конференцияга таклиф этишгани учун ўз миннатдорлигимни билдираман. Ўзбекистон, хусусан, қадим тамаддун бешикларидан бири бўлган Самарқандни ўзгача қадрлайман. Ушбу шаҳар кўчалари, маҳаллалари ҳамда меҳмондўст ўзбек халқи менга болалигим ҳақидаги илиқ хотираларни эслатади. 

Германия илмий доираларидан таркиб топган делегация таркибида 2018 йил 28 июль — 6 август кунлари мамлакатингизга сафар қилгандим. Унинг доирасида юртингизда амалга оширилаётган улкан ўзгаришларга гувоҳ бўлдим. 

Қисқа муддатда Ўзбекистонда миллий маданий меросни асраш, буюк ўзбек аждодлари номини абадийлаштириш бўйича жадал суръатлардаги ишлар, ислом дунёсининг йирик намояндалари – Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби аждодлар илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилишда эришилган ютуқлар мени лол қолдирди. 

Конференция Европа диншунос олимлари ўртасида ҳам катта қизиқишга сабаб бўляпти. Шунингдек, анжуманга Мисрнинг Ал-Азҳар мажмуаси раҳбари Шайх Аҳмад Тоййиб ва дунёнинг турли мамлакатларидан кўзга кўринган мотуридийшунос олимлар таклиф этилгани унинг нуфузи ва мавқеини оширади. Ушбу тадбир Имом Мотуридий меросини янада чуқур ўрганиш, мотуридийлик таълимоти моҳиятини очиб берадиган хилма-хил фикрлар майдонига айланишига ишонаман. 

Бу каби нуфузли анжуманнинг Буюк алломалар юрти – Ўзбекистонда ўтказилиши жаҳон миқёсида ҳам ёшларни соғлом ғоя ва қарашлар асосида камол топтиришга ижобий таъсир кўрсатади. 

Халқаро анжуманда маъруза қилиш баробарида Мотуридий таълимотининг икки томонлама эпистемологиясини муҳокама қилиш истагидаман. 

Ушбу сафар мен учун Ўзбекистон тараққиётининг янги босқичида диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан танишиш имконини беришидан мамнунман. 
 

 

манба: ЎзА
Read 1931 times

Янгиликлар

Top