Ўзбекистон янгиликлари

Инсон ақлий салоҳиятидан унумли фойдаланиши керак

Босния ва герцеговиналик уламо Имом Мотуридийнинг бош ғояси ҳақида гапирди. 

Доктор Мустафо Черич, Босния ва Герцеговина собиқ бош муфтийси:

– Ушбу анжуманга таклиф этилганимдан жуда хурсандман. Бунинг сабабини айтаман. Чикаго универститетида ўқиб юрган пайтларим умримнинг асосий қисми Имом Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш билан ўтган. Тўғриси, у йиллар на мусулмон давлатлари олимлари, на бошқа халқлар вакиллари Мотуридийдек улуғ аллома ҳақида ўйламаган, унинг шахси, бебаҳо меросига аҳамият бермаган. Нокамтарлик бўлса-да айтай, мен ўша мураккаб даврларда Мотуридийнинг илмий салоҳияти, ноёб асарлари ҳақида тадқиқот бошлаганман, диссертация ёқлаганман. Шу боис, мени Самарқандга, Мотуридий таълимоти бўйича конференцияга таклиф этишганида беҳад мамнун бўлдим.

Шу ўринда бир ғаройиб ҳолат ёдимга тушади. Мен бутун вужудим билан Мотуридий таълимотини ўрганишга шўнғиган кезларим ўй-хаёлим, жисмим ва ҳатто руҳим билан ул зот ила мулоқотга киришардим. Бундан ҳайратга тушган рафиқам бир муддат мени Мотуридий шахсидан рашк ҳам қилган. Дарвоқе, ушбу анжуманга рафиқам билан бирга келдим.

Ўзбекистон ҳамда Босния ва Герцеговина тарихининг муштарак жиҳатлари бор. Бизнинг динимиз, мазҳабимиз бир. Халқларимиз айнан Мотуридий ёқлаган ақидага хос ҳаёт кечиради. Тарихимизнинг яна бир муштарак томони, сизлар ҳам, бизлар ҳам яқин ўтмишда коммунистик мафкура таъсири остида яшаганмиз. Бу динимиз ривожига салбий таъсир кўрсатганини кўпчилик, айниқса, катта авлод вакиллари яхши билади.

Шу боис, ҳозирги пайтда ёшларни янги мафкура остида тарбиялаш ўзига яраша муаммолар туғдираётгани рост. Зеро, ҳали ҳам мустабид тузум мафкураси таъсиридан қутулиб кета олмаган одамлар бор.

Бугун Ўзбекистон ҳам, Босния ва Герцеговина ҳам демократик ривожланиш йўлини танлаган. Бу йўлда албатта Имом Мотуридий каби алломалар таълимоти, уларнинг асарлари бизга жуда асқотади. Чунки Имом Мотуридий X асрдаёқ ўз асарлари, ғояси билан турли бузғунчи оқимларга қарши курашган. Ҳозирги замонда ҳам шундай зарарли оқимларга мансуб гуруҳлар, фирқалар етарли. Шу боис орадан асрлар ўтса-да, Мотуридийдек алломаларнинг асарларидан фойдаланиш жуда фойдали.

Имом Мотуридий ислом уламолари орасида биринчилардан бўлиб инсон ақлидан унумли фойдаланиши лозимлиги ҳақидаги ғояни илгари сурган. У кишининг талқин китобида зикр этилган фикрларга кўра, Қуръони каримдаги ҳеч бир оят инсон ақлий қобилиятига зид эмас, яъни ҳар бир ақлан соғлом инсон фаҳмлай оладиган даражада тушунарли. Мотуридий ҳам ўз таълимотида Қуръони каримга суяниб, инсон ақл берилганига шукр қилиш билан қаноатланмасдан, шу ақлни ишлата билиши ҳам керак дейди.

Ҳозир биз мусулмон мамлакатлари аҳли ўз тарихимиз, қадрият ва анъаналаримиз, ақлимиз, салоҳиятимиздан тўлиқ фойдалана олаётганимиз йўқ. Кўпгина мусулмон давлатлари бугунги кунда яратувчи эмас, балки истеъмолчига айланиб қолган. Бу ҳолат айнан Мотуридий ифодалаган фикрлар билан ҳамоҳанг.

Ислом дини илмни, тараққиётни ёқлайди. Биз ҳам қадимгидек илғор бўлиб, мавжуд салоҳиятимизни самарали йўналтириб, аввало яратиб, кашфиёт қилиб, сўнг истеъмол қилишга ўрганишимиз зарур. Ақлни ишлатиб, неъматлардан, имкониятлардан Аллоҳ буюрган зайлда тўғри фойдалансак, Имом Мотуридий ёқлаган ғояларни, албатта, рўёбга чиқарамиз.

Фурсатдан фойдаланиб, яна бир бор эзгу амаллари учун Ўзбекистон раҳбариятига, диний идора мутасаддилари ва ушбу анжуманнинг барча ташкилотчиларига чексиз миннатдорлигимни билдираман. Буюк уламолар мангу қўним топган Самарқанд заминига ва бутун Ўзбекистонга Аллоҳ таолонинг нури ёғилсин, олиб бораётган ишларингизга баракотлар ато қилсин.
 

Ғайрат Хонназаров, ЎзА

Read 2039 times

Янгиликлар

Top