Ўзбекистон янгиликлари

Коронавирус: Масжидлар тўлиқ карантинга олинган
  • Шу кунларда интернет сайтлари ва ижтимоий тармоқларда айрим манбалар бутун дунёга жиддий ташвиш олиб келаётган коронавирус хавфли хасталиги сабабли жамоавий ибодатлар вақтинча тўхтатилган ва тўла карантинга олинган масжидлар таҳоратхоналарини очиш масаласи муҳокама қилинмоқда.

Бугунги кунга келиб ушбу хавфли инфекция 160 дан ортиқ мамлакатда тарқалди. Дунё миқёсида касалланганлар сони 200 минг нафардан ошди, 8 мингдан ортиқ ўлим ҳолати қайд этилди, 90 мингга яқин бемор тузалди. Эпидемия кенг ёйилиб кетгани сабабли Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти уни пандемия деб эълон қилди.

Минг афсуски, бу юқумли хасталик мамлакатимизни ҳам четлаб ўтмади. Бугунги кунда юртмизда унга чалинган беморлар сони 33 нафарга етди.

Бу вазият олдиндан тўғри баҳоланиб, Республика махсус комиссияси тузилди ва Ўзбекистонга касалликнинг оммавий кириб келиши ҳамда кенг тарқалишининг олдини олиш бўйича қатъий чоралар кўрилди. Жумладан, одамлар гавжум жойларда оммавий тадбирлар чекланган.

Таъкидлаш жоизки, масжид ва таҳоратхона меҳнат жамоалари, таълим муассасаларидан фарқли ўлароқ шундай жамоат жойи ҳисобланадики, у ерда мутлақо бир-бирини танимаган фуқаролар вирус юқиши мумкин бўлган масофада алоқада бўлади. Айниқса, ибодатни бажариш давомида полга тўшалган гиламда ўтириш, саждага пешонани тегизиш, покланиш ўриндиқлари ёки буюмлари орқали вирус қолдириш, ушбу жойда ибодат қилган бошқа намозхоннинг касалланиши мумкинлиги ўзига хос ҳолат саналади.

Айни вақтда, таҳоратхонада кўрилаётган дезинфекция чоралари вируснинг таҳоратхонага кирган одамларга бир-биридан юқиши эҳтимолини олдини олмаслиги барчага аён. Бунинг устига, таҳоратхонага кирган ҳар бир фуқаро кетидан қайта дезинфекция ўтказишнинг жисмонан имконияти йўқ.

Бунинг устига воқелик шуни кўрсатмоқдаки, таҳоратхонага кирган шахслар биргаликда ушбу масжидда ёки унинг ён атрофида, яъни кўчада намоз ўқишга ҳаракат қилмоқда. Бу эса барчамиз бугунги кунда халқимиз, келажагимиз учун қатъий риоя қилишимиз лозим бўлган карантин талабларига мутлақо зид келади.

Карантин тадбирларининг ушбу касаллик тарқалган пайтда қанчалик муҳим аҳамиятга эга эканини биз ўз бошимиздан ўтказдик. Ўзбекистонга касаллик тарқалган ҳудудлардан келган 4 нафар одам билан мулоқотда бўлган 19 кишида ушбу касаллик аниқланди. Бундан кўриниб турибдики, биз дастлабки кунлардан карантин тадбирларини ўтказганимиз ўз самарасини берди. Агар 19 беморни вақтида карантинга олмаганимизда ёки эҳтиётсизликка йўл қўйилганида бу касалликни янада кўпроқ одамга юқтирган бўлар эдилар.

Масжидларда карантин жорий этилишининг мазмун-моҳияти шундан иборатки, намозхонлар уйдан зарур сабабсиз чиқмасдан, ибодатни уйда бажариш орқали ўзи билмаган ҳолда нотаниш шахслардан вирус юқтириб олишининг олдини олиш ҳамда шу орқали беморлар кўпайишини тўхтатишдир.

Қачонки ҳар бир вирус аниқланган шахслар кам ва кимлиги аниқ бўлса, вазиятни назорат қилиш ва касалларни камайтириш осон бўлади.

Ишончимиз комилки, юқорида қайд этилганларни барча намозхонларимиз холис ва тўғри тушунмоқдалар.

Халқимиз бошқа мамлакатларда минглаб одамларнинг ҳалок бўлишига олиб келган коронавирус тарқалишининг олдини олиш каби оғир синовни бошидан кечираётган бугунги кунда барчамиз жипслашиб, хорижий давлатлар тажрибасида ўз тасдиғини топган Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тавсияларига риоя этишимиз ҳаётий муҳим масала ҳисобланади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси яна бир карра фуқароларимизни жорий этилган карантинга тўлақонли амал қилишга, алоҳида зарурат бўлмаган тақдирда уйда бўлишга, ўзимиз ва оила аъзоларимизни соғлиғини асрашга чақирамиз.

Илоҳим, юртимиз тинч, халқимиз фаровон бўлсин. Коронавирус аталмиш тезда даф бўлиб, бу бало-офатдан ҳеч бир юртдошимиз зарар кўрмасин. Аллоҳ таоло беморларга, дардманларга шифо берсин. Офат тез ва қисқа фурсатда кўтарилсин. Қисқа фурсатларда юртимиз масжидлари жамоатлар билан яна қоим бўлсин!

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2005 times

Янгиликлар

Top