Ўзбекистон янгиликлари

Хушхабар: Тинимсиз саъй-ҳаракатлар сабабидан коронавирус касаллари соғаймоқда

Бутун дунёга катта ташвиш ва муаммо бўлиб турган коронавирус инфекциясига қарши кураш бўйича давлатимиз Раҳбарининг бевосита бошчилигида тизимли ишлар қилинмоқда.

Хабарингиз бор, ушбу йўналишларда ҳукуматимиз томонидан кенг кўламли чора-тадбирлар узлуксиз амалга оширилмоқда. Ўз навбатида, юртимиз аҳолиси томонидан ушбу хасталикни инсоният бошидан аритиш мақсадида, хатми Қуръонлар ўқилди, саловотлар, айтилди, дуою тазаррулар ва хайриялар қилинди. Халқимиз орасида Аллоҳ таолонинг валий бандалари, дуолари мустажоб чин дўстлари бор. Уларнинг биргина дуолари балоларни аритиши, енгиллик ва кушойишлар келтириши мумкин.

Яратган Эгамизга беадад ҳамдлар бўлсинки, бугун 7 нафар дастлабки бутунлай соғайган беморларимиз шифохонадан чиқарилиб, реабилитация марказига ўтказилди. Бу Ўзбекистон тиббиётининг катта ютуқларидан бири бўлиб, бу каби машаққатли натижаларга жаҳоннинг саноқли давлатларигина эришди, холос. Бу каби хушхабарлар кўп бўлишига умид қиламиз.

Мамлакатимиз шифокорларининг ушбу улкан муваффақияти, халқимиз, ота-оналаримиз, фарзандларимиз соғлиғи йўлида тун-у кун қилинаётган меҳнатлар мевасидир. Ўз ҳаёти ва соғлиғини гаровга қўйиб, пандемия билан курашаётган шифокорлар, ҳамширалар фаолиятлари таҳсинга лойиқ. Шунингдек, бундай машаққатли дамларда туну кун хизмат қилаётган Ички ишлар, Давлат хавфсизлиги хизмати ходимлари, Миллий гвардия зобитлари, Мудофаа вазирлиги ҳарбийлари каби матонатли хизматчилар билан барча фуқароларимиз фахрланади, халқимиз уларнинг меҳнатларидан розидир.

Аллоҳ таоло қийинчиликдан осонликка, беморликдан саломатликка, оғир ҳолатлардан хурсандчилик чиқариши ораси яқин бўлишини Аллоҳ таоло Қуръони каримда шундай марҳамат қилади:
“Бас, албатта, қийинчилик билан осончилик бордир. Албатта, қийинчилик билан осончилик бордир (“Шарҳ” сураси, 5-6-оятлар). Демак, Ҳақ таолодан ёлвориб сўрайдиганимиз, қийинчилик вақтлари аста-секин чекинаётган бўлсин, яқин кунларда бизларни осончилик, саломатлик кунларга етказсин.

Таъкидлаш жоизки, халқимиз, яқинларимизнинг саломатлигини сақлаш барчамизнинг бурчимиз эканини бир зум ҳам унутмайлик! Қатъий тартиб-интизом ва карантин тадбирларига жиддий риоя қилиш орқали вазиятни барқарор ушлаб қолишимиз мумкин. Имкон қадар уйда қолинг, ортиқча эҳтиёж бўлмаса кўчага чиқманг, муносабатларни, мулоқотларни кескин камайтиринг.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Қодир Эгамдан бу дардни бартараф этишини сўраб, истиғфорлар, салавотлар айтиш баробарида Қуръон тиловатлари, илтижолар, хайриялар қилишни давом эттиради. Яратган Парвардигор бу дуою тазарруларимизни ижобат қилади, хушхабарлар давом этади.


Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2110 times

Янгиликлар

Top