Ўзбекистон янгиликлари

Садақа балони қайтаради ва умрни узайтиради

Ҳикоя қилишларича, бир аёл тушида бир одамни заҳарли илон чақиб, ўлдирганини кўрди. Бу туш аёлни жуда қўрқитди. Тонг отгач, аёл ўша тушида кўрган одамнинг уйига бориб, кўрган тушини унинг ўзига айтиб берди. Ундан эҳтиёт бўлишни, хушёрроқ бўлиб юришни илтимос қилди. Аёл кетгач, халиги одам Аллоҳ учун иккита қўй сўйиб, садақа қилишни назр қилди. Шояд, ўша сўйган қўйлари сабабли халиги қўрқинчли тушнинг хатаридан саломат бўлса. Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз соллалоҳу алайҳи вассаллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида  “Садақа балони қайтаради ва умрни узайтиради”-деганлар.

Бугунги вазиятда ҳар биримиз мутахассислар тавсия ва кўрсатмаларига қатъий риоя этиб, Аллоҳ таолодан ушбу касалликнинг бутун инсоният бошидан даф этишини сўраб, дуолар қилишимиз, хайр-эҳсон ва садақалар қилишимиз айни муддао бўлар эди.

Бугун Ўзбекистон мусулмонлари идорсининг тавсияси, Шунингдек, вилоят ҳамда шаҳар ва туман ҳокимликлари ташаббуси билан бевосита ҳокимлар иштирокида барча зиёратгоҳ, қадамжо ва масжидлар томонидан эҳсонлар ҳамда қурбонликлар адо этилмоқда. Жумладан, Самарқанд вилоятида мавжуд зиёратгоҳ ва масжидлар томонидан шу вақтга қадар 2 бош қорамол, 1 бош туя ва 32 та қўйлар сўйилиб, уларнинг гўшти ва жами 100 млн сўмга яқин бошқа зарурий ози-овқат маҳсулотлари ижтимоий кўмакка муҳтож, кам таъминланган оилалар ҳамда дуоси мустажоб инсонларга эҳсон қилинди.

Шунингдек, вилоятдаги барча 285 та масжид имом-хатиблари, имом-ноиблари ҳамда отинойилар томонидан 111715 маротабадан “Солатан тунажжино” ва “Солатан нория”, 183879 маротаба “Ҳасбуналлоҳу ва ниъмал вакил” дуолари ҳамда 9104 маротабадан “Фотиҳа” ва  “Ихлос” суралари ва 15000 маротаба "Оятал Курси" ҳамда 40 та Хатми Қуръонлар ўқилди ҳамда уларнинг савоблари марҳумлар руҳига бағишланди. Қурбонликлар, дуою истиғфорлар шарофатидан балою офатларни кўтаришини сўраб дуолар қилинди.

Хайрия тадбирлари Қуръон карим тиловатлари, истиғфорлар, салавотлар айтиш ва илтижолар қилиш баробарида давом эттирилади.

Аллоҳ таоло хайр-эҳсонларни қабул қилиб, бу йўлда ўз ҳиссаларини қўшган барча саҳоватпеша кишиларга ажру мукофотларини зиёда қилсин. Бугунги кунда бутун дунёда долзарб муаммо бўлиб турган “Коронавирус” инфекциясини нафақат юртимиздан балки бутун инсониятдан аришини Аллоҳ таоло насиб этсин.



 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

ЎМИ Самарқанд вилояти вакиллиги Ахборот хизмати

Read 2554 times

Янгиликлар

Top