Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши амалга оширилаётган чора-тадбирлар Покистонда юқори баҳоланмоқда

Ўзбекистонда COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирларга бағишлаб Покистонда виде мулоқот шаклида давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Давра суҳбати Ўзбекистоннинг Исломободдаги элчихонасида покистонлик экспертлар, давлат ва жамоат ташкилотлари раҳбарлари, журналистлар иштирокида ташкил қилинди.
“Дунё” АА мухбири тадбир иштирокчиларининг Ўзбекистонда коронавирус тарқалишига қарши кураш бўйича олиб борилаётган чора-тадбирлар ҳақидаги фикрлари билан қизиқди.
Тоҳир ФАРУК, «Daily Ittehad» газетаси бош муҳаррири:
– COVID-19 пандемияси 200 дан ортиқ давлатда қайд этилди ва тарқалишда давом этмоқда. Хусусан, ушбу касаллик Ўзбекистонга ҳам кириб борди. Аммо Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мамлакатда коронавирусга қарши ўз вақтида ва самарали чоралар кўрилмоқда. Шаҳарларда ва вилоятлараро ҳаракатлар тўхтатилиб, аҳолининг кундалик эҳтиёжлари учун савдо шохобчалари одатдаги тартибда, аммо карантин қоидаларига риоя қилган ҳолда хизмат кўрсатишда давом этмоқда.
Сўнгги йилларда мамлакат раҳбарияти ташаббуси билан соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилган муваффақиятли ислоҳотлар натижасида республикада мазкур юқумли касалликнинг тез тарқалишига қарши муносиб курашилмоқда. Ишонч билан айтиш мумкинки, Президент Шавкат Мирзиёевнинг алоҳида ғамхўрлиги, малакали шифокор ва тиббиёт ходимларининг саъй-ҳаракатлари натижасида Ўзбекистон ушбу муаммони бартараф эта олади.
Шунингдек, эпидемияга қарши курашда ўзбек халқининг юксак маънавияти, уюшқоқлиги ҳам қўл келмоқда. Жумладан, ҳукумат томонидан қабул қилинаётган барча мажбурий ва самарали чоралар аҳоли томонидан ижобий қарши олинмоқда.
Ана шундай юксак маърифат эгаси бўлмиш дўст Ўзбекистон халқига тинчлик, омонлик тилаб қоламан!
Ансар Меҳмуд БХАТТИ, «The Islamabad Post» газетаси бош муҳаррири:
– Президент Шавкат Мирзиёев томонидан COVID-19 эпидемиясининг Ўзбекистон фуқаролари орасида кенг тарқалишининг олдини олишга қаратилган барча саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлайман. Шундай оғир вазиятда Ўзбекистон раҳбарияти бошқа давлатлардан ўз фуқароларини олиб келиш, улар учун зарур шароитларни яратишга алоҳида эътибор бераётгани ибратли.
Замонавий тиббий ускуналар билан жиҳозланган махсус карантин муассасаларининг қисқа фурсатда қуриб, фойдаланишга топширилгани мени ҳайратда қолдирди. Боиси бугун бундай ташкилотчилик ва карантин билан боғлиқ чораларни ўз вақтида амалга оширишда ривожланган давлатларнинг ғафлатда қолаётганига гувоҳмиз.
Сўзим сўнгида айтишни истардимки, ҳаётнинг бу синовли кунлари яқин вақтларда ортда қолади, Покистон – Ўзбекистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорлик яна янги руҳда давом этади.
Сабаҳ АСЛАМ, Исломобод низоларни ҳал қилиш институти ижрочи директори:
– Дунёда фавқулодда вазият ҳукмрон. Барча давлатлар пандемия билан курашмоқда.
Ўзбекистонда COVID-19 тарқалишининг олдини олиш бўйича ўз вақтида амалга оширилган ташаббуслар нафақат республикада, балки бутун минтақада минглаб одамларнинг ҳаётини хавфдан сақлаб қолди. Ушбу чора-тадбирлар халқаро ҳамжамият томонидан юқори баҳоланмоқда.
Мамлакатда умуммиллий карантин эълон қилинди, барча ўқув муассасалар, шу жумладан мактаб ва университетлар ёпилди, эпидемия тарқалишининг олдини олиш учун жамоат ва диний йиғинлар ўтказилиши тақиқланди.
Мамлакатда барча зарур товар ва дори-дармонлар учун солиқларнинг камайтирилганини муҳим қарорлардан бири дейиш мумкин. Бундан ташқари, ҳукумат кўрсатмаларига мувофиқ, аҳолини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг ноёб тажрибаси – нархларни назорат қилиш, унинг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймаслик бўйича назорат тизими жорий этилди.
Шу ўринда таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон раҳбарияти ўз халқи хавфсизлигини таъминлаш учун зарур чораларни кўраётган бир пайтда, фуқаролар ҳам карантин тартибларига қатъий риоя қилишлари керак.
Бугун дунё бўйлаб янграётган «Уйда қолинг ва хавфсиз бўлинг» чақириғига амал қилиб, вирусга қарши курашишга ўз ҳиссамизни қўшишимиз даркор.

Ҳамид МАҲМУД, Исломободдаги Ўзбекистон сайёҳлик маълумотлари маркази директори:
– COVID-19 коронавируси барчамизнинг ҳаётимиз учун бирдек хавф солмоқда. Давлатлар фуқаролар саломатлигини ҳимоя қилиш чораларини кўрмоқда. Бу жараёнда Ўзбекистон Президенти раҳбарлигида юртингизда амалга оширилаётган ишларни ижтимоий тармоқлар, телевидение ва оммавий ахборот воситалари орқали кузатиб боряпман. Айтишим мумкинки, Покистон томони Ўзбекистоннинг инсонлар ҳаётини ҳимоя қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.
Ҳукумат глобал пандемия динамикасини ўз вақтида ва холис баҳолаб, мамлакатда коронавирус кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш учун махсус комиссия тузди. Ҳудудларда махсус мутахассислардан иборат тезкор гуруҳлар жойлаштирилди.
Ўзбекистоннинг ушбу қийин даврдан тез орада ўтиб олишига, мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик ришталари эса ҳар қачонгидан-да, мустаҳкамланиб боришига шубҳа йўқ.


Ўзбекистон мусулмонлар идораси матбуот хизмати

Read 1839 times

Янгиликлар

Top