Ўзбекистон янгиликлари

“Ўзбекистон-Малайзия: олимларнинг онлайн мулоқоти”

         Жорий йилнинг 23 апрель куни Ўзбекистондаги  Ислом цивилизацияси маркази, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Малайзия исломни англаш инсититутининг  олимлари иштирокида видеоконференция ўтказилди.

         Видеомулоқотда Ислом динининг асл инсонпарварлик, тинчлик ва бағрикенглик моҳиятини жамият аъзоларига  етказишнинг аҳамияти, исломнинг нотўғри талқин қилишнинг салбий оқибатлари, экстремистик фикрлар ва ғояларга қарши маърифат билан курашишнинг аҳамияти,  даъволарга илмий асосланган жавоб ва раддиялар бера оладиган юқори малакали исломшунос олимларни тайёрлаш масалалари бўйича фикр алмашилди.

         Малайзия исломни англаш инсититути директори, профессор Азиза Бахаруддин ва институтнинг шариат, ҳуқуқ ва сиёсат маркази раҳбари, доктор Мохд Фарид Мохд Шахран Ўзбекистон заминидан етишиб чиққан Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотурудий каби буюк алломаларнинг Ислом дини ва олам цивилизациясига қўшган беқиёс ҳиссасини эътироф этиб, март ойида Ўзбекистонда ўтказилган халқаро конференцияда иштирок этганларидан мамнун эканликларини таъкидладилар. Малайзия томони иштирокчилари Ўзбекистон Республикаси Раҳбарининг диний эркинлик, динлараро ва миллатлараро тотувликни таъминлаш йўлида олиб бораётган сиёсатига юқори баҳо бердилар. Бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси, шунингдек аҳоли бирдамлиги, тинчлик-тотувлик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат муҳитидаги ҳаёт тарзини яратувчи “Маҳалла” институти намунаси барча учун ўрнак бўлиши кераклиги тўғрисида фикр билдирдилар. Шу ўринда “Маҳалла” институти фаолиятини, унинг маърифат тарқатишда, ёшларга тўғри тарбиялашдаги ролини ўрганиш ва тажриба алмашишда ҳамкорлик қилиш истагини маълум қилдилар.

         Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази директори Ш.Миноваров ЎЗбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ташаббуси билан ташкил қилинган Халқаро ислом академияси, Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази ва Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг мақсадлари ва вазифаларига айнан тинчлик ва бағрикенглик дини бўлган исломнинг моҳиятини тўғри талқин қилиш, уни аҳолига ва айниқса ёшларга тўғри етказиш, бунда буюк аждодларнинг илмий-маърифий меросидан фойдаланиш эканини таъкидлади. У малайзиялик ҳамкорларга Ўзбекистон, унинг тарихи ва улуғ алломалари хусусида билдирилган фикрлар учун ташаккур билдириб, маҳалла институти чиндан ҳам ноёб ҳодиса эканини, асрлар мобайнида ўзбек жамиятида миллатни жипслаштирувчи, ёшларни тўғри тарбия қилишда фаол иштирок этувчи омил бўлиб келаётганини тушунтирди. Ўзбекистондаги диний таълим ва соҳадаги илмий тадқиқотлар, “Маҳалла” институти фаолияти ва аҳамияти, шунингдек, пандемия шароитида Ўзбекистонда диний-маърифий таълим ва изланишлар соҳасида олиб борилаётган ишлар, режалар ҳақида батафсил маълумот берди.  

            Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов  Ўзбекистон халқаро ислом академияси проректори Б.Мамадиевлар ҳам муассасалари фаолияти, режа ва ислоҳотлари ҳақида маълумот бериб ўтишди.

         Мулоқот давомида томонларнинг ўзаро тажриба, манба ва талаба-тадқиқотчилар алмашиш, ҳамкорликда илмий тадқиқот ва изланишлар олиб бориш, мақола ва тадқиқот натижаларини нашр қилиш каби йўналишларда ҳамкорлик қилиш масалалари мухокама қилинди. 

         Конференция иши давоимда Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳамда Малайзия исломни англаш инсититути ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид асос ҳужжат - меморандумни имзолаш, меморандум доирасида келажакда яқиндан ҳамкорлик қилиш, бу каби манфаатли мулоқотларни мунтазам ташкил этишга келишиб олинди.

         Халқаро видеомулоқот Ўзбекистоннинг Куала-Лумпурдаги элчихонаси иштирокида ташкил қилинди.

Read 2211 times

Янгиликлар

Top