4 июнь куни Ўзбекистоннинг Малайзиядаги элчихонаси ташаббуси билан Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси ҳамда Малайзиянинг Исломни англаш институти (IKIM) ҳамкорлигида диний-маърифий йўналишдаги илмий-тадқиқот масалаларига бағишланган онлайн мулоқот ташкил этилди.
Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази матбуот хизматининг хабар беришича, суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Малайзия ўртасида маданий-маърифий, ижтимоий-гуманитар ва илм-фан йўналишидаги ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва истиқболлари ҳақида сўз юритилди. Илмий-тадқиқот йўналишида истиқболли лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари муҳокама қилинди.
Онлайн мулоқот сўнгида Малайзиянинг Исломни англаш институти (IKIM) ва Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази, Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази, Халқаро ислом академияси ўртасида ўзаро ҳамкорликка оид меморандумлар имзоланди.
Меморандумга кўра, томонлар Исломнинг илмий меросини ўрганадилар, Ўзбекистонда сақланаётган қадимий қўлёзмалар бўйича қўшма анжуманлар, семинарлар ва тадқиқотлар ўтказадилар, шунингдек, профессор ўқитувчилар учун малака ошириш курсларини ташкил этишади, талабалар билан алмашишади ва маърифатли Ислом бўйича тадқиқотлар олиб борадилар.
Тадбирда мамлакатимизда фуқаролик жамиятини ривожлантириш, бағрикенглик ва диний эркинликни таъминлаш, диндорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларнинг камситилишига йўл қўймаслик борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берилди. Ўзбекистон ҳукумати Ислом динини тўғри идрок этиш ва тушуниш масалаларига жиддий эътибор қаратаётгани алоҳида таъкидланди.
Малайзиянинг Исломни англаш институти раиси Аҳмад Саржи бин Абдул Ҳамид Ислом цивилизацияси бешиги ва дунёга машҳур олим ва мутафаккирларнинг ватани бўлмиш Ўзбекистон Малайзиянинг илмий-академик ҳамжамиятида катта қизиқиш уйғотаётганини таъкидлади.
А. Ҳамидга кўра, Ўзбекистон томонидан Республикада сақланаётган 100 мингдан ортиқ қадимий ва ноёб қўлёзмаларни ўрганиш учун тақдим этилган имконият ҳақиқий маърифатли Исломни чуқур англаш имконини беради.
Тадбир натижасида Ўзбекистонда чоп этилган илмий нашрларнинг IKIM онлайн кутубхонасига киритилиши, шунингдек, COVID -19 атрофидаги вазият барқарорлашгани сайин ўзаро ташрифлар ташкил этилиши маълум бўлди.
IKIM Исломнинг илм соҳасида фундаментал ва чуқур тадқиқотлар олиб бориш учун 1992йилда ташкил этилган. Институтда Шариатшунослик, ҳуқуқ ва сиёсатни ўрганиш маркази (Centre for the Study of Shari’ah, Law & Politics – SYARAK), фан ва атроф-муҳитни ўрганиш маркази (Centre for Science and Environment Studies – KIAS), иқтисодий ва ижтимоий тадқиқотлар маркази (Centre for Economics & Social Studies – EMAS) ҳам фаолият кўрсатади.
Таъкидлаш лозимки, 2017 йилда ташкил этилган Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази бугунги кунда дунёнинг 24 та етакчи ислом тадқиқот марказлари, университетлар билан ҳамкорлик йўлга қўйган бўлса, Ислом цивилизацияси маркази томонидан ҳамкорлик тўғрисида хорижий мамлакатлар билан имзолаган меморандумлар сони 13 тага етди.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати