Ўзбекистон янгиликлари

Фарғонадаги барча масжидларда карантин қоидаларига риоя қилинган ҳолда бомдод намози адо этилди

Бугун ўзгача кун. Бу куннинг шукуҳи бошқача. Бутун дунёга ўз таъсирини кўрсатаётган коронавирус пандемияси инсониятни катта синовдан ўтишига сабаб бўлмоқда. Маълумки, юртимизда ҳам касалликни кенг тарқалишини олдини олиш мақсадида жорий йилнинг 15 март санасидан карантин жорий этилган, шу боис масжидлар ҳам вақтинчалик фаолиятини тўхтатганди.

Аллоҳга чексиз шукроналар бўлсинки, юртимизда карантин чораларини босқичма-босқич равишда юмшатиб борилмоқда. Салкам уч ой вақт мобайнида жамоат намозларини интиқлик билан кутган мўмин-мусулмонлар учун бугун катта хурсандчилик бўлди десак, муболаға бўлмайди.

Айни вақтда Фарғона вилоятининг барча шаҳар ва туманлари “яшил” ҳудуд ҳисобланади. Республика махсус комиссиясининг қароридан келиб чиқиб, 5-8 июнь кунлари вилоятдаги барча масжидларда тайёргарлик ишлари олиб борилиб, белгиланган тартибда масжидлар намозхонларни қабул қилиш учун шай ҳолатга келтирилди.

Азон садолари ортидан масжид сари ошиққан мўмин-мусулмонлар белгиланган кўрсатмалар асосида намозгоҳга кириб, карантин тартиб-қоидаларига мувофиқ равишда бамдод намозини жамоат бўлиб адо этдилар.

Қалблари илоҳий муҳаббат ила тўлган мўмин-мусулмонлар кўзларида ёш билан дуога қўл очиб, юртимиз тинчлиги, халқмиз фаровонлиги, динимиз равнақи бундан-да юксалиши ҳамда коронавирус касаллигининг тез фурсатда бутунлай бартараф бўлишини сўраб Яратганга илтижо қилдилар.

 

Раҳматуллоҳ ЖАЛИЛОВ,
ЎМИ Фарғона вилояти вакиллиги ходими

Read 1947 times

Янгиликлар

Top