Ўзбекистон янгиликлари

“Аълохон махдум” жоме масжиди

“Аълохон Махдум” жоме масжиди Наманган вилояти, Косонсой тумани марказида жойлашган. Масжид Фарғона водийсида намозгоҳ усулида қурилган ягона меъморий обида бўлиб, XVIII асрда бунёд этилган.

Масжид кўҳна Косонсой туманининг саховатли кишилари томонидан ҳашар йўли билан бунёд этилган. Маълум муддат бу маскан ҳам масжид, ҳам мадраса сифатида фаолият кўрсатган. Собиқ иттифоқ даврида масжид биноларидан маҳаллий саноат корхонаси сифатида фойдаланилган. Иккинчи жаҳон уруши йилларида мамлакатимизга кўчиб келган турли миллат вакилларига бошпана вазифасини ўтаган.

Ўтган асрнинг 80 йилларига қадар масжид бинолари коммунал уй-жой эди. 80- йиллар ўрталарида таъмирланиб, ўлкашунослик музейига айлантирилди. Собиқ иттифоқ даврида масжид биноларидан бошқа мақсадларда фойдаланилгани учун вайрона ҳолга келиб қолган. Бу обидадан фақат жоме хонақоҳи ва кириш пештоқи сақланиб  қолган. Мустақиллик шарофати билан миллий қадриятларимиз қайта тикланди. Хусусан, меъморий обидаларимизга қайта ҳаёт бахш этишга ва бундай масканларни обод этишга эътибор кучайтирилди.

1992–1998 йилларда хонақоҳ ва дарвозахоналарга ҳамоҳанг уларни ўзаро боғлаб  турадиган  замонавий талабларга жавоб берадиган, миллий услубда янги бино бунёд этилди. Масжид ҳовлисининг жануби-шарқий қисмига эса янгидан улкан пештоқли ва гумбазли  дарвозахона қурилди. Бу ишлар маҳаллий ҳунармандларимиз томонидан ёғоч ўймакорлиги услубида шарқона маданиятимиз ва замонавий биносозлик талабларига мос равишда амалга оширилди.

Ушбу масжидда намозхонлар ибодат қилишлари учун етарли шарт-шароитлар яратилди. Бу хайрли ишлардан аҳоли мамнун бўлиб, юртимизда тинчлик-осойишталик бардавом бўлишини тилаб дуойи хайрлар қилишмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

Read 7748 times

Янгиликлар

Top