Ўзбекистон янгиликлари

Қўшкўпир туманига ташриф

Жорий 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” деб эълон қилингани муносабати билан режа асосида жойлардаги масжидлар, уларнинг ҳолати ва имом-хатиблар фаолияти билан яқиндан танишиш, ўзаро тажриба алмашишни ташкил қилиш мақсадида 2017 йил 17 январь куни  ЎМИ Хоразм вилоят вакили Хайрулла Абдуллаев бошчилигида вилоятдаги шаҳар ва туман бош имом-хатиблари Қўшкўпир туманига ташриф буюришди.

Ташриф мобайнида тумандаги “Аз-Замахшарий”, “Қутбиддин бобо”, “Ибн Ямин бобо”, “Шайх Абдулло” ва “Нур Азиз бобо” масжидлари фаолияти ўрганиб чиқилди. Унда масжидларнинг умумий аҳволи, жумладан биноси, таҳоратҳона ва ёрдамчи бинолари, санитария-гигиена, ёнғин хавфсизлиги масалалари, масжидларнинг иш юритиш ва бухгалтерия ҳужжатлари юритилишига эътибор қаратилди.

Ўрганиш натижалари юзасидан туман марказий масжидида йиғилиш ўтказилиб, аниқланган камчиликлар, уларни бартараф этиш чоралари ва муддатлари бўйича масъул ходимларга топшириқ ва тавсиялар берилди.

Шунингдек, вилоят вакиллиги мухтасиби У.Маликов сўзга чиқиб, масжид фаолиятига доир ҳужжатларни расмийлаштиришда йўл қўйилган баъзи камчиликлар ва уларни бартараф этиш чоралари тўғрисида фикр-мулоҳаза билдирди.

Қўшкўпир тумани бош имоми-хатиби Музаффар Матяқубов сўзга чиқиб, ушбу ташкил қилинган тадбир туманлар ўртасида маҳорат ва тажриба алмашиш учун зарур эканлигини, ташриф мобайнида билдирилган фикр ва тавсиялар соҳада амалга оширилаётган ишларни янада яхшилаш учун хизмат қилишини таъкидлаб, тадбир қатнашчиларига ўз миннатдорчилигини билдириб, берилган тавсия ва кўрсатмаларни ўз вақтида амалга оширишга ваъда берди. 

Олимжон АДИЛОВ,

Хоразм вилояти вакиллиги ходими

Read 8284 times

Янгиликлар

Top