Ўзбекистон янгиликлари

Инсоний қадрият ва бурчимиз

Ислом динида илгари сурилган ота-онага, фарзандларга, қўни-қўшниларига ғамхўрлик қилиш ва кўмакка муҳтож кишиларга ёрдам кўрсатиш каби таълимотлар – инсонийлик қадрияти ҳисобланади.

Аллоҳ таоло Қуръони каримда бундай марҳамат қилади: «Эй имон келтирганлар! Ўз қўл меҳнатингиз ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсаларнинг яхшиларидан эҳсон қилингиз! Ўзингиз фақат кўзингизни чирт юмибгина оладиган даражадаги ёмон нарсаларни (эҳсон қилишга) танламангиз! Шунингдек, билингизки, албатта, Аллоҳ ғаний ва мақтовга лойиқ Зотдир» (Бақара, 267).

Шундай экан, аҳли оиласи, қариндошлари, қўни-қўшниси, маҳалласидаги кам таъминланган оилалар, боқувчисини йўқотган фуқаролар ва ёлғиз кексаларга қўлидан келганича хайр-эҳсон қилиши, шунингдек, “Меҳрибонлик“, “Мурувват” ва “Саховат” уйларига ҳам моддий ёрдамлар кўрсатиши ҳар бир мўмин-мусулмоннинг инсоний бурчидир. Бу бурчни бажариш билан улуғ ажр-савобларга ҳам эришади.

Бугунги кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси тизимидаги масжид имом-хатиблари томонидан кўплаб хайрли ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, Ватан ҳимоячилари куни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучларининг 25 йиллик байрами муносабати билан ЎМИ тизимидаги масжидлар имом-хатиблари маҳалла фуқаролар йиғини фаоллари ҳамкорлигида ҳомийларни жалб қилган ҳолда “Саховат” ва “Мурувват” уйларида, маҳаллаларда истиқомат қилаётган иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари, хизмат бурчини бажариш вақтида ҳалок бўлган харбий хизматчилар оилалари ва меҳнат фахрийлари ҳолларидан хабар олиниб, кийим-кечак, озиқ-овқат, уй жиҳозларидан иборат моддий хайриялар ва байрам совғалари улашилган эди.

Шу каби хайрия тадбирлари жойларда мунтазам давом этмоқда. Жумладан, 2017 йил 16 январь куни Қашқадарё вилояти Ғузор туманидаги “Ҳазрати Мирижанда” масжиди томонидан ҳомийларни жалб қилган ҳолда маҳалладаги ногирон, боқувчисини йўқотган, кам таъминланган оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилиб, моддий ёрдам кўрсатилди.

17 январь куни Тошкент шаҳар Чилонзор тумани “Бўта бува” жоме масжиди маъмурияти ва Чилонзор тумани "Бешқўрғон" маҳалла фуқаролари йиғини ташаббуси билан маҳаллада истиқомат қилувчи 30 нафар уруш ва меҳнат фахрийлари, кекса отахонлар учун эҳсон дастурхони ёзилиб, байрам совғалари улашилди.

18 январь куни Самарқанд шаҳрида жойлашган “Намозгоҳ” жоме масжиди ва бир қатор ҳомийлар 9-сонли Меҳрибонлик уйининг 70 нафар тарбияланувчиларига эҳсон дастурхони ташкил этилди.

19 январь куни Тошкент шаҳридаги “Бўрижар” жоме масжиди имом-хатиби Ҳ. Абдукаримов ташаббуси билан ҳомийларни жалб этган ҳолда Чилонзор тумани Катта Қозиробод маҳалласи, Яккатут маҳалласи, Шайхонтоҳур тумани Ц-27 даҳасида истиқомат қилувчи кам таъминланган, ёрдамга муҳтож ва боқувчисини йўқотган 30 нафардан зиёд оилалар ҳолидан хабар олиниб, уларга озиқ-овқат маҳсулотлари тарқатилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси

Масжидлар бўлими

 

Read 9183 times
Tagged under

Янгиликлар

Top