Ўзбекистон янгиликлари

Бу йил ҳаж сафарига бориш учун навбатга ёзилганларнинг навбати сақланадими?

Дунёга таҳдид солаётган коронавирус пандемияси мусулмон дунёси учун муборак саналган Ҳаж ва Умра сафарларига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмади. 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон ИШМАТБЕКОВ билан суҳбатимиз шу мавзу юзасидан бўлди. 

– Саудия Арабистони Ҳаж ва Умра ишлари вазирлиги, бу йилги Ҳаж мавсумини фақат Саудия Арабистони ичида бўлиб турган фуқаролардан иборат зиёратчилар учун чекланган миқдорда ташкил этиш ҳақида қарор қабул қилди. Шу ҳақда сўз юритсангиз? 

– Маълумки, ҳаж амали Ислом арконларидан бири бўлиб, у маълум шартларга эга бўлган мўмин-мусулмон киши учун умрида бир марта адо этиши фарз бўлган ибодат. Қуръони каримда ҳажнинг фарзлигига қуйидаги оят далолат қилади: “Йўлга қодир бўлган киши зиммасида Аллоҳ учун Байтни ҳаж қилиш (фарзи) бордир” (Оли Имрон, 97). 

Ҳаж ибодати фарз бўлишининг шартлари: мусулмон бўлиш, балоғат ёшида бўлиш, оқил бўлиш, тани соғ бўлиш, бориб келгунча йўл харажатлари ва оила аҳлининг эҳтиёжларига етадиган нафақа билан таъминлаган бўлиши керак. Шунингдек, йўлнинг очиқ, хавф-хатарсизлиги ҳам ҳажнинг фарз бўлиш шартларидандир. Агар мазкур шартлардан бирортаси топилмаса, у ҳолда ҳаж ибодатини адо этиш инсоннинг зиммасидан соқит бўлади. 

Ислом шариати инсонни ортиқча машаққат, хавф-хатар, ўзи ва ўзгаларни зарар етказишга буюрмайди. Хусусан, ҳаж ибодати борасида ҳам юқорида санаб ўтилган имкониятларга эга бўлмаган банданинг зиммасидан ушбу ибодат соқит бўлади. 

Қайд этиш керакки, 2020 йилда дунёнинг барча давлатларида коронавирус касаллиги кенг тарқалди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, мазкур хасталик дунёнинг 215 дан ортиқ мамлакатида аниқланган. Мазкур офат кўплаб ислом ва араб давлатлари, хусусан, ҳаж амаллари адо этиладиган Маккаи мукаррама ва Мадинаи мунаввара шаҳарларида ҳам тарқалган. 

Мавжуд маълумотларга кўра, ҳозирги вақтда Саудия Арабистонида кескин эпидемиологик вазият сақланиб қолмоқда. Ҳар куни ўртача 4000 га яқин вирус билан касалланиш, 35-40 та ўлим ҳолати кузатилмоқда. 

Саудия Арабистони қироли – Икки Муқаддас Ҳарам хизматчиси қирол Салмон бин Абдулазиз ана шундай инсон саломатлиги учун мураккаб вазиятни инобатга олиб, «Ҳаж – 2020» мавсуми учун чет элдан зиёратчиларни қабул қилмаслик ҳақидаги таклифни қўллаб-қувватлади ҳамда жорий йилнинг 22 июнь куни мамлакат ичида бўлиб турган чекланган миқдордаги зиёратчилар учун ички ҳаж мавсумини ташкил этиш бўйича барча тегишли чораларни кўриш тўғрисида қарор қабул қилди. 

– Саудия Арабистони ҳукуматининг мазкур қарорига қандай муносабатлар билдирилди? 

– Саудия ҳукуматининг ушбу қарори Саудия уламолари Кенгаши, Ислом ҳамкорлик ташкилоти, Ислом олами уюшмаси, Мисрдаги Ал-Азҳар мажмуаси ҳамда “Дорул ифто” фатво ҳайъати ва бошқа кўплаб илмий марказлар томонидан маъқулланди. 

Аслида ушбу қарор эълон қилинишидан бироз аввал ҳам ҳаж соҳасида йирик квотага эга бўлган Индонезия (230 минг квота ажратилган), Нигерия (180 минг квота), Ҳиндистон (150 минг квота) ҳамда Европа ва Жанубий-Шарқий Осиёнинг баъзи давлатлари ўз зиёратчиларининг ҳаёти ва соғлиғини ҳимоя қилиш мақсадида «Ҳаж – 2020» мавсумини ташкил қилмаслик ҳақида қарор қабул қилган эди. 

Шунингдек, Малайзия ва Сингапур каби давлатлар эса бекор қилиш тўғрисидаги ўз қарорларини фуқаролари соғлиғи учун масъул экани, бугунги мураккаб шароитда уларни соғлиғини сақлаш мушкул экани, ҳажга борадиганларнинг 80 фоизи кексалар экани, улар касалликка чалиниш эҳтимоли юқори бўлгани билан изоҳланган эди. 

Миср давлатидаги “Дорул ифто” фатво ҳайъати Саудия ҳукуматининг бу йилги ҳажни чекланган миқдордаги зиёратчилар билан амалга оширилиши борасидаги қарорини шариатнинг ҳожилар ҳаётини муҳофаза қилиш борасидаги мақсад ва ҳукмларига тўла мос эканини эълон қилди. 

Миср фатво уюшмаси таъкидлашича, Саудия Арабистонининг коронавирус кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида бу йил – ҳижрий 1441 йилги ҳаж ибодатини мамлакат ичкарисидаги фуқароларга чекланган миқдорда амалга оширилиши борасидаги қарори Ислом шариатининг ҳожилар ҳаётини муҳофаза қилиш борасидаги мақсад ва аҳкомларига тўла мувофиқ эканлигини таъкидлади. 

Фатво ҳайъатининг таъкидлашича, ҳукуматнинг бундай қарори ҳозирги кунда бутун дунё бошидан кечираётган коронавирус пандемиясининг тарқалиши эътиборидан ўта зарур ҳолда чиқарилгандир. 

Бу тўғрида Бутунжаҳон уламолар иттифоқининг фатвоси ҳам бир муддат аввалроқ эълон қилинган эди. Иттифоқ бош котиби шайх Али Қорадоғий эълон қилган фатвода: “Агар вабо тарқаши аниқ ё шунга яқин бўлса ва соҳа мутахассислари тиқилинч туфайли ҳожилар ёки уларнинг баъзиларига вабо юқади, дейишадиган бўлса, бу ҳолда ҳаж ёки умрани, муаммо ҳал бўлгунича муваққат ман этиш жоиздир”, дейилган. 

Агар ҳожи ҳажга бораётган жойида турли юқумли касалликлар тарқалгани ёки шунга ўхшаш ҳодисалар юзага келиши аниқ бўлиб қолса, бу вақтда: “Зарарни бартараф этиш манфаатни жалб қилишдан муқаддамдир” – деган фиқҳий қоидага қатъий амал қилиши лозим. Чунки ҳажда кўпчилик ҳожилар манфаати озчилик кишиларнинг манфаатидан устун туради. 

Ислом таълимоти кўпчиликка зарар етиши мумкин бўлган шароитларда юқумли касаллиги бор кишиларнинг соғ одамларга аралашувини ва ўз навбатида соғ-саломат кишиларнинг билвосита ёки бевосита юқумли хасталиги мавжуд кишиларга аралашувини қатъий чеклайди. 

– Ҳаж қисман бекор қилинган ҳолатлар аввал ҳам бўлганми? 

– Ўз навбатида айтиш керакки, тарихда мўмин-мусулмонлар учун ҳаж қилиш турли сабабларга кўра, хусусан, юқумли касалликлар туфайли қисман ёки бутунлай тўхтатилган даврлар бўлган. Ибн Касирнинг “Ал-Бидая вал-Ниҳая” китобида айтилишича, милодий 968 йилда Макка шаҳрида касаллик тарқалиб, кўплаб зиёратчилар ҳаётига зомин бўлгани сабабли ҳаж ибодати тўхтатилган. 

Милодий 1831 йилда Макка ва Мадина шаҳарларида вабо тарқалиб, жуда ҳам кўп ҳожилар ҳалок бўлишига сабаб бўлган. Ўша йили мўмин-мусулмонлар ҳажни тўхтатиб туришга мажбур бўлишган. Орадан бироз вақт ўтиб, 1837 йилда иккинчи марта вабо қайтарилгандан кейин 3 йилга ҳаж бекор бўлган. Яна бир неча йилдан сўнг Макка шаҳрини вабо эгаллаб олгандан кейин 1846-1850 йилларда 4 йил давомида ҳаж қилиш тўхтатиб турилган. 

– Бу йил ҳаж сафарига бориш учун навбатга ёзилганларнинг навбати сақланадими? 

– Саудия Арабистонидаги эпидемик вазиятнинг ўта мураккаблиги нуқтаи назаридан хориж мамлакатлари фуқаролари, хусусан, юртимиз аҳолиси Ислом дини манбаларига таянган ҳолда милодий 2020 йил, ҳижрий 1441 санадаги ҳаж сафарини чет элликлар учун тўхтатилиши ҳақидаги қарорни тўғри қабул қилдилар.

 2020 йил 23 июнь куни Ҳаж ва Умра тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш масалалари бўйича жамоатчилик кенгашининг йиғилиши қарорига асосан жорий йилги ҳаж сафарига боришни режалаштирган фуқароларимизнинг навбати тўлиқ сақланган ҳолда кейинги йилга ўтказилди. 

Аллоҳ таоло юртимиз ва бутун дунёдан коронавирус касаллигини кўтарсин, мўмин-мусулмонларни муборак заминга эмин-экринликда боришлари ва ҳаж ибодатини хотиржамликда адо этишларини насиб қилсин.

 

ЎзА мухбири Назокат УСМОНОВА суҳбатлашди

манба: http://uza.uz

 

 

Read 1887 times

Янгиликлар

Top