Маълумки, сўнгги йилларда ҳудудларни жадал ривожлантириш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш, шунингдек, инвестицион жозибадорликни яхшилашга ёрдам берувчи стратегик тармоқлардан бири сифатида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш бўйича кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Ўзбекистон буюк аллома ва авлиёларни дунёга тақдим этган юрт. Янги Ўзбекистонга ташриф қилиш, буюк аждодларимиз қўним топган муқаддас даргоҳларни зиёрат қилиш учун бутун мусулмон олами, ҳатто бошқа халқларнинг ҳам қизиқишлари тобора ортмоқда. Шу боис ҳам Ўзбекистонда туризмни, хусусан, "Зиёрат туризми"ни ривожлантириш бўйича катта эътибор қаратилмоқда.
Наманган вилоятининг Чортоқ туманида жойлашган Султон Увайс Қароний зиёратгоҳи Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан реконструкция қилиниб, бугун обод масканга айланди. Мазкур мажмуага уламолар, илм аҳлларининг келишлари айни муддао бўлишини таъкидлаган эдилар.
Кеча, 18 август куни Фарғона вилоятининг Фарғона ва Қувасой шаҳарлари ҳамда Фарғона туманида фаолият қилаётган имом-хатиблар "Султон Увайс Қароний" мажмуаси, "Сутли булоқ" зиёратгоҳига ташриф буюрдилар. Зиёрат аввалида Қуръони карим тиловат қилиниб, ушбу даргоҳдан ўтганлар ва мажмуани обод қилинишига хизмат қилганларнинг ҳақларига дуои хайрлар қилинди.
Шунингдек, ташриф давомида бу ерда амалга оширилган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари билан яқиндан танишилди ҳамда Увайс Қароний ҳазратлари ҳаёти ва фаолияти, у зотнинг эзгу иш ва амаллари ҳақида зиёратчиларга маълумот берилди.
Шу билан бирга, мажмуадаги музей ва унинг кўрки бўлиб турган “Қуръон карим” китоби ҳамда қадимий қўлёзмалар билан яқиндан танишиб, зиёратчилар ўзларини қизиқтирган саволларга мутахассислардан жавоб олдилар.
Фарғона вилояти вакиллиги Матбуот хизмати