Ўзбекистон янгиликлари

Тошкент туманидаги «Ҳазрати Билол» жоме масжиди қайтадан қурилиб, илк жума намози адо этилди

Аллоҳга шукрлар бўлсинки, бугун юртимизнинг кўпгина масканларида мўмин мусулмонлар учун кўркам ва замонавий, барча шароитларга эга бўлган масжидлар қурилиб, фойдаланишга топширилмоқда.

Кеча 11 сентябрь куни Тошкент вилояти Тошкент туманидаги улуғ саҳобий номи билан аталган «Ҳазрати Билол» жоме масжиди ҳам қайтадан қурилиб фойдаланишга топширилди. Бугун ушбу масжидда мўмин мусулмонларимиз илк жума намозини жамоат билан адо қилишди.

Ушбу масжиднинг қурилиш ишлари 2018 йилнинг ёз фаслида бошланган бўлиб, ҳозирда янги қурилган масжид 1050 нафар намозхонни ўз бағрига сиғдира олади.

Бундан ташқари «Ҳазрати Билол» масжидида замонавий таҳоратхона қуриб битказилган. Шунингдек, масжид ҳовлисининг том қисми ҳам ёпилган. Бу эса мусулмонларнинг ёғингарчилик пайтида ҳам ўз ибодатларини тўла тўкис адо қилишлари учун қулай шароитлардан биридир. Ҳозирда масжид кутубхонаси, қоровулхона, имом ноиб ҳамда имом хатиб хоналарининг қурилиш жараёни давом этмоқда.

Авваллари ушбу масжид мўмин мусулмонларнинг ибодат қилиши учун яроқсиз ҳолатга келиб қолган эди, дейди масжид имом хатиби Аҳмаджон домла Шамсихўжаев. — Масжид асосан ҳашар йўли билан қайтадан қурилди. Бугун замон талабларига тўла жавоб берадиган масжид барпо этилди. Масжидимиз қурилишида кўмакдош бўлган барча юртдошларимиздан Аллоҳ таоло рози бўлсин! Ҳақ таоло икки дунё саодатидан баҳраманд қилсин!

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Read 2161 times

Янгиликлар

Top