Ўзбекистон янгиликлари

Бош имом-хатиб кўкрак нишони билан тақдирланди

Қадимдан халқимиз илмни ва унинг соҳибини қадрлаб келган. Илм аҳлини эъзозлаган. Соҳибқирон Амир Темур ҳазратларининг ҳаётини, тарихини ўқиган ҳар-бир киши яхши биладики, Соҳибқирон бобомиз ўз замонасидаги аҳли илмларни, уламо ва диндорларни қаттиқ ҳурмат қилган. Уларга алоҳида лутф кўрсатиб, хизматларини муносиб тақдирлаган. Амир Темур бобомизнинг шавкати, ғалабаларининг бир сабаби ҳам айнан, дин уламоларининг дуолари баракотидан десак муболаға бўлмас.

Бугун, 16 сентябръ куни Самарқанд вилояти бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов юртимиздаги юксак мукофотлардан бири бўлмиш “Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди” кўкрак нишони ва гувоҳномаси билан тақдирланди. Ушбу юксак эътироф нишонасини Ўзбекистон Республикаси “Халқаро Амир Темур хайрия жамоат фонди” Наманган вилояти муассаса раиси Соҳибахон Аъзамова бошчилик бир гуруҳ фонд етакчилари Зайниддин домла Эшонқуловнинг шахсан ўзларига топширдилар.

Юртимизда Имом-хатиблар фаолиятининг, олиб бораётган маънавий, илмий ишларинининг, халқ ва жамият билан ҳамнафас эканликларининг юксак баҳоланиши биз соҳа ходимларини хурсанд қилади.

“Халқимиз учун синовли бўлган кунларда зиммамизга юклатилган вазифаларни бажариб, ушбу юксак мукофотга лойиқ кўрилганим мен учун жуда катта шараф. Бундай эътироф нафақат ўзимнинг балки вилоятимизда фаолият олиб бораётган соҳа ходимларининг елкасига алоҳида масъулият юклайди” – дейди вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқулов.

Бу мукофот ҳам  юртимизда инсоннинг миллати, дини, ижтимоий келиб чиқиши, фаолият туридан қатъий назар  унинг меҳнатини муносиб рағбатлантириш, унга ўз истеъдод ва қобилиятини намоён этиш борасида барча имкониятлар  яратилганлигидан далолатдир.

Шу муносабат билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги жамоаси вилоят бош имом-хатиби Зайниддин домла Эшонқуловни ҳамда вилоятимизда дин йўлида фидокорона хизмат қилиб келаётган барча диний соҳа ходимларини ушбу мукофот билан муборакбод этади ва келгуси  фаолиятларига зафарлар тилайди.

Мукофот муборак бўлсин!!!

 

sammuslim.uz

Read 1961 times

Янгиликлар

Top