Ўзбекистон янгиликлари

Китоб мутолааси – қалб озуқаси

Мамлакатимизда ёш авлодни баркамол этиб тарбиялаш, улар қалбида Ватанга садоқат, улуғ алломаларимиз меросига, азалий қадриятларга чуқур эҳтиром туйғусини сингдиришга юксак эътибор қаратилмоқда. Зеро ёшлар келажагимиз, эртанги кунимизнинг суянчиғи ва таянчидир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эълон қилинди. Унинг ижросини таъминлаш ҳамда Ахборот-ресурс марказларини бойитиш мақсадида ЎМИ Таълим ва кадрлар тайёрлаш бўлими тавсияси билан “Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш хайрия жамоат фонди” томонидан Тошкент ислом институти Ахборот-ресурс марказига 83 номдаги 261 дона янги бадиий адабиётлар олиб берилди ва беғараз тақдим қилинди.

Янги адабиётларни ТИИ жамоасига таништириш мақсадида 2017 йил 9 февраль куни институтда китоблар кўргазмаси ташкил этилди. Кўргазмада шунингдек, “Мовароуннаҳр” нашриёти ва “Имом Бухорий халқаро маркази” ҳамда Республика маънавият тарғибот маркази томонидан берилган 25 номдаги 70 дона диний-маърифий ва мафкуравий  адабиётлар ҳам намойиш қилинди.

Китоб – энг яқин дўст, мутолаа – завқ. Шунинг учун бўлса керак, кўргазма илмга интилувчан китобхонлар билан гавжум бўлди. Бу эса улар қалбида мутолаага бўлган қизиқишни янада кучайтиришга хизмат қилади. Бинобарин, китоб мутолаасига қаратилаётган эътибор миллий ўзлигимиз ва умуминсоний қадриятларни тарғиб этиши билан алоҳида қадрлидир.

 

К. МАҲКАМОВ,

ТИИ Ахборот-ресурс маркази мудири

Read 13249 times

Янгиликлар

Top