Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Жаҳон ҳалол конференциясида иштирок этди

6 октябрm куни Ўзбекистон вакиллари Малайзия пойтахтида бўлиб ўтган Жаҳон ҳалол конференцияси («World Halal Conference – WHC-2020») да иштирок этди.
«Дунё» ахборот агентлиги хабарига кўра, тадбир 2008 йилдан буён Малайзия халқаро савдо ва саноат вазирлиги томонидан мунтазам равишда ўтказилиб келинмоқда ва жаҳон бозорларида ҳалол маҳсулотларни тарғиб қилиш платформаси ҳисобланади. Ҳар йили унинг ишида бутун дунёдан 1 мингдан ортиқ делегат, жумладан, Малайзия Ислом тараққиёти департаменти (JAKIM), ҳалол маҳсулотлар ишлаб чиқарувчилар (озиқ-овқат, мева-сабзавот, фармацевтика, косметика ва бошқа) аккредитациядан ўтган сертификатлаштириш органлари вакиллари иштирок этмоқда.
Ўзбекистонда Миллий стандартларнинг халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш орқали маҳсулот сифати ва рақобатбардошлигини ошириш бўйича мамлакатимизда амалга оширилаётган чора-тадбирларни, жумладан, ҳалол маҳсулотларга қўйилган талабларни тақдим этган элчихона ходимлари хорижий бозорларга чиқиш режалари ҳақида сўзлаб берди.
Анжуманда Малайзия ҳалол саноатни ривожлантириш корпорацияси директори Хаирол Ариффеин билан Малайзия томони кўмагида, жумладан, эҳтимолий Тошкентда «Centre of Halal Industry Excellence» ҳалол саноат илғор тажриба марказининг очилиш йўли билан Ўзбекистонда тегишли сертификатлаштиришни ривожлантиришни муҳокама қилиш бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Учрашувда JAKIM вакиллари ҳам иштирок этишди.
JAKIM сертификатлаш билан бир қаторда таълим бериш билан ҳам шуғулланади, хусусан, синов лабораториялари ходимлари учун зарур стандартлар ва ҳалол сертификатлаштириш тизимини жорий этиш бўйича ўқув курсларини берувчи «Latihan Islam» институти фаолият кўрсатади. Бугунги кунга келиб, JAKIM Малайзияда сертификатлари эътироф этилган 45 мамлакатнинг миллий сертификатлаштириш органлари билан ҳамкорлик ўрнатган.
Қайд этиш керакки, "Ўзстандарт" агентлигининг JAKIM томонидан аккредитация қилиниши ўзбек мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотларининг Малайзия ва Жануби-Шарқий Осиё бозорига тўсиқсиз экспорт қилинишига кўмаклашади.
WHC-2020 да иштирок этиш натижасида Ўзстандарт агентлиги раҳбарияти билан JAKIM ўртасида видеоконференция орқали Ўзбекистонда ҳалол саноатини жорий этиш ва ривожлантиришни муҳокама қилиш, шунингдек, ноябрь ойида Агентлик ходимлари учун ўқув вебинар ўтказиш бўйича келишувга эришилди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1513 times

Янгиликлар

Top