Ўзбекистон янгиликлари

Бугунги отинойи қандай бўлиши керак?

Анбар Отин, Жаҳон Отин Увайсий, Зебунисо, Нодирабегимлар зукко аёллар бўлишган. Улар дин, дунё, сиё­сат ва маданият соҳасида маърифатли отинлар бўлиб, замонасининг аёл-қизларига фиқҳий, ижти­моий масалада йўл-йўриқ кўрсатишган. Нодираи давроннинг етук билимга эга экани унинг асарларини ўқиганимизда яққол кўзга ташла­нади.

Бугунги кунда мамлакатимизда барча соҳалар қатори диний жабҳада улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Аҳолининг диний-маърифий савиясини оши­риш, бидъат ва хуро­фотларга барҳам бериш, қалбларга соғлом исломий ақидани сингдириш­га аҳамият берил­моқ­да. Бу жараёнда диний соҳа ходимлари фаол иштирок этишлари лозим.

Отинойилар маъсулиятли вазифани тирикчилик манбаига айлантириб олмаслиги керак. Улар зиммасида маърака ё эҳсонларда икки оғиз дуо қилиш эмас, балки дин ва жамият равнақи учун холис хизмат қилиш бор. Бугунги отинойидан диний, дунё­вий илмларни эгаллаш, янгиликлардан хабардор, ўз тарихини яхши билган, катта тажрибага эга, фидокор, халқ­парвар бўлиш талаб этилади.

Афсуски, нафақага чиқиб ­зерикиб қолган ҳам, ҳаётдан аламзада аёл ҳам муқаддас динимизни ўрганмасдан отинойиликка талабгор бўлмоқ­да. Отин­ойиликка бу тарзда бирёқлама ён­дашиш дин ривожи ва жамият тарақ­қиётига хизмат қилмайди.

Кечагина турли бидъат ва хурофотларни эл орасида ёйиб юриб, бугун давраларнинг тўрида “отин” бўлиб ўтирганлар орамизда йўқ эмас. Отинойи зиммасидаги масъулият биргина рўмол, гўзал қофиядош дуо ёки нотиқлик санъати билан сўз­лаш эмас, балки хотин-қизларнинг эътиқодини тўғри шакллантиришдир. Бунинг учун отинларимиз Ислом тарихидан яхши хабардор бўлиб, саҳобия оналаримизнинг ҳаётларини чуқур билишлари керак.

Шукрки, фаровон юртда, маърифатли эл орасида яшаяпмиз. Бундай шароитда динга хизмат қилиш ота-боболаримизнинг орзуси бўлган.

Отинойиларнинг билимлари имтиҳон қилиб кўрилганда, аксариятининг билим савияси пастлиги сезилиб қолди. Уларнинг билим ва тажрибаларини ошириш мақсадида малака ошириш курслари ташкил этилди. Бугунги отинойи нафс балосидан, илмсизликдан узоқ бўлиши, диний-маърифий тизимга доир қабул қилинаётган қарорлардан, янгиликлардан хабардор бўлиши лозим. Отинойи ўзи ўрганмаса – ўр­гатолмайди, ўргатолмаса – фаолият юритолмайди.

Отинойиларнинг диний-­маърифий билим ва кўникмаларини шакллантиришда қу­йидаги жиҳатларга эътибор берилса, мақсадга мувофиқ бўлади:

  1. Қуръони карим ва тажвид илми. Отинойиларнинг қироат илмидан хабардор бўлиб, сураларни, оятларни тажвид қоидалари билан ўқиши.
  2. Ақоид асосларини ўқитиш. Тўғри эътиқодни шакллантириш, ширк ва бидъат амаллардан воз кечиш. Урф-­одатларни эътиқодий масалалар билан аралаштирмаслик.
  3. Фиқҳ илми. Фарз, вожиб, суннат, мустаҳаб, мубоҳ, мак­руҳ ва бошқа амаллар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш.
  4. Ислом тарихи ва пайғамбарлар тарихини ўрганиш. Маз­ҳаблар ва мазҳаббоши­лар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиш.
  5. Суннат, урф-одат ва бидъат маросимларни бир-биридан ажрата билиш.
  6. Диний маънавий-маърифий ислоҳотлардан хабардор бўлиш; нотиқлик маҳоратини ошириш ҳамда замон билан ҳамнафас яшаш.
  7. Мутолаа билан доимий шуғулланиш.

Отинойи кенг диний ва дунё­вий билимларга эга бўлсагина, инсонларга маъ­рифат улаша олади.

 Зилола СУЯРОВА

Тошкент ислом институти талаба-қизлар билан ишлаш бўйича услубчи

 

Read 1850 times

Янгиликлар

Top