Ўзбекистон янгиликлари

Обод этилаётган масжидлар: “Бахт” жомеси кенгаймоқда

Сирдарё вилояти Бахт шаҳридаги “Бахт” жоме масжиди вилоятнинг дастлабки масжидларидан бири ҳисобланади. Ҳужжатларда 1956 йилдан бери фаолият юритиб келаётганлиги қайд этилган бўлсада, аслида ундан ҳам авввалроқ, ўтган асрнинг 40-йилларидан бери ушбу мавжуд эканлиги айтилади. 

Собиқ иттифоқ давридан то мустақиллик йилларигача вилоят бўйича тўртта масжид бўлган. Ана шулардан бири - ҳозирги “Бахт” масжиди “Малик” номи билан аталиб, кичик бир кулбасифат бўлган, одамлар бўйраларда намоз ўқишган. Яртаган Аллоҳ инояти, истиқлол насими туфайли 90 йиллар бошида масжид қайтадан қурилиб, шу даврга қадар хизмат қилди. Ўтган 27 йил мобайнида масжидни кўпроқ жамоат сиғдира оладиган, янада кенгроқ қилиб, қолаверса катта йўл бўйига кўчиришга эҳтиёж мавжудлиги сабабли 2019 йилда янги лойиҳа асосида қурилиш ишлари бошлаб юборилди”, дейди имом-хатиб Нурмуҳаммад Нарзуллаев.

“Бахт” жоме масжиди Тошкент-Самарқанд йўналишидаги М-34 магистрал йўли бўйида қурилмоқда. Бу эса нафақат ҳудуд аҳолиси балки, йўловчилар, қолаверса зиёрат туризми доирасида маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг ибодатларини адо этиб олишлари  учун қулайлик туғдиради.

Масжид учун 50 сотих ер майдони ажратилган. Лойиҳага кўра, асосий хонақоҳ 8 бурчак шаклида 26*26 м ўлчамда бўлиб, 1500 кишини сиғдиради. Масжид таркибидаги қўшимча хонақоҳлар ва ҳовли саҳни билан ҳисобланганда умумий сиғими 3000 кишига етади. Аёллар учун алоҳида намозхона ва таҳоратхоналар ҳам ўрин эгаллаши кўзда тутилган. Лойиҳа Тошкент шаҳрида яқинда қуриб битказилган “Муҳсинхонтўра” масжидидан андоза олинган.

Ҳозирга келиб масжиднинг кириш қисми деворлари кўтарилган. Асосий хонақоҳнинг томлари ёпилиб, гумбаз ўрнатилди. 32 метрлик миноранинг металл-конструкция ишлари олиб борилмоқда. Автотурургоҳ ва манзарали кўчатлар экиш учун 15 сотих ер ажратилганлиги аҳамиятга молик. Чунки баъзи масжид атрофларида жамоат намозларида автомобилларнинг тирбандлиги ва бетартиб қўйилиши билан боғлиқ муаммолар пайдо бўлаётган вақтда автотураргоҳлар масжид сиғимига яраша қанчалик кенг бўлса шунча муаммоларнинг олди олинган бўлади.

 Масжид келгуси йили битказилиши режалаштирилмоқда. Қурилиш ишларига бош бўлаётган имом-хатиб, масжид жамоаси, меҳнат қилаётган қурувчилар, уларга ҳар тарафлама кўмак бериб, бу савобли ишга ҳиссаси қўшилаётган барча мухлис кишилардан ниятлари ва ғайратларига яраша Аллоҳ таолодан кўплаб ажрлар насиб бўлишини тилаймиз. Иншаллоҳ, ушбу ибодатгоҳ шаҳарга кўрк бағишлаб, ўз номига яраша унга ташриф буюрувчиларнинг икки дунёда бахтли ва саодатли бўлишлари учун маърифий гўша бўлади.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими 

 

Read 1766 times

Янгиликлар

Top