Ўзбекистон янгиликлари

Ислом нури машриқ сарҳадларини ёритар экан, Шарқ ўлкалари, хусусан, Мовароуннаҳрда ҳам масжидларни қуриш меъморчиликнинг дурдона йўналиши сифатида алоҳида тараққий этди. Ўзига хос услуби, мураккаб меъморий ечимлари билан минтақа масжидлари дунёга машҳур бўлди.

Ўрта Осиёда илк масжид Бухорода ислом фотиҳи Қутайба ибн Муслим раҳматуллоҳи алайҳи томонидан шаҳар қўрғони ичида 713 йилда бунёд этилган. Самарқанддаги дастлабки масжид эса Ҳазрати Ҳизр масжиди ўрнида бўлган. Шу тариқа масжидлар Ўрта Осиёнинг бошқа йирик шаҳарларида ҳам бунёд этила бошлаган. Айниқса, Темурийлар, Шайбонийлар даврида масжид ва мадрасалар меъморчилиги анча тараққий этиб, ўлка маданий ҳаётининг ажралмас қисми сифатида мозийнинг олтин зарварақларига муҳрланди. Ушбу обидаларнинг асрлар силсиласидан ҳозирги давримизгача сақланиб келинаётганининг синоати нимада? Бугунги масжидларчи? Улар қандай қурилади? Меъморчилик ва ганч санъати сохасидаги азалий анаъаналаримизни давом эттириб келаётган, юртимиз ва хориждаги кўплаб миллий услубдаги масжид ва мажмуаларда ишлаган Фаҳриддин Ҳамзаев ва Муҳаммаджон Мансуровлар билан ана шу саволлар атрофида билан суҳбатлашдик.

 

Фаҳриддин Ҳамзаев: Аввалги усталарнинг ишига ҳанузгача лол қоламиз. Тарққиёт бўлмаган, ҳозиргидек имкониятлар бўлмаган, бироқ меъмор усталарнинг ғоялари, иш  услуби биз учун ҳам жумбоқ, ҳам ибрат, ҳайрат бўлиб келади. Авваллари масжидлар асосан синч деворлардан қурилган. Халқимизда “Синчли уй тинч уй деган” гап бор. Синчни қулфлайдиган жойи бор. Калитини топилмаса, уни бизиб бўлмасди. Эшик-ромларга ҳам ошиқ-мошиқ қилинмаган. Ёғочнинг ўзидан очилиб-ёпиладиган қилинган. Деворлардан харлар чиқариб қўйилган. Улар зах ҳавони ўзига тортиб олиш вазифасини бажарган экан. Ана шу даражада кўплаб ўрнак олса бўладиган ишларни қолдириб кетишган.

 

Тарихий ёдгорлик саналган биноларни асл ҳолида таъмирлаш (реконструкция) жараёни қандай кечади?

 

 

Муҳаммаджон Мансуров: Аввало бинонинг қурилиш тарихи ўрганилади. Бино қайси даврга оид бўлса, ўша вақтдаги қурилиш услублари соха мутахассислари билан ҳамкорликда муҳокама қилинади. Бундан ташқари талофат етган обидаларнинг қайсидир қисмида, бурчак жойларида нақш учун ишлатилган ранглар, гуллар намуналари сақланиб қолинган бўлади. Ана шулардан намуна олган ҳолда ранглар берилади, нақшлар давом эттирилади.

 

-Олдинлари масжидларни қурган меъмор усталар номи махсус битикларда ёзиб қолдирилган. Ҳозирда нима учун бундай қилинмайди?

Фаҳриддин Ҳамзаев: Малайзия давлатида Имом Бухорий мажмуаси бор. 1998-99 йилларда ана шу мажмуа қурилишида устозим, машҳур ганчкор уста Маҳмуд Усмонов билан ишлаганмиз. Пештоққа битилган Қуръон оятлари ва нақшлар сўнггида четки бир бурчакка: “Нақш ишларини Уста Маҳмуд Усмонов ва унинг шогирдалри бажарган”, деб ёзиб қўйдилар устозимиз. Малайзия бош вазири мажмуанинг очилиш мароисимида ёзувлар билан танишгач, “Биз бош вазир бўлсак ҳам қурдирган биноларимизга ўз номимизни ёзмаймиз?” деб, ажабланиб сўради. Шунда устозимиз бизнинг юртда шундай анаъана борлигини, бу авлоддан-авлодга ўтиб келаётганини тушунтирганларидан сўнг, таҳсин айтди. Умуман, ўшанда миллий санъатимиз, ўзбекистонлик усталарнинг ишлари у кишига маъқул келиб, малакатимиз Президенти номларига ташаккурнома юборган эди.

Чиндан ҳам қадимда шундай анаъана бўлган. Пештоқ битиклари ёки бошқа жойларда усталар номи ёзиб қолдирилганки, биз уларни ана шулар орқали таниймиз, ҳақларига дуолар қиламиз. Бу яхши урф. Билмадим, негадир шу нарса узилиб қолган ҳозирда. Балки усталаримиз камтарлик қилишар. Бу анъанани тиклаш керак. Токи келажак авлод ҳудди биз каби усталарнинг ишларидан таниб, уларга муносабат билдирсин.

 

Ҳозирги кунда масжидлар қандай услубларда қурилади?

Фаҳриддин Ҳамзаев: Бугунги кунда юртимиздаги масжидлар асосан тўрт, саккиз қиррали, айлана шаклида қурилади. Яна бошқа услублар ҳам киритиляпти, дунёдаги замонавий масжид услублари ёш меъморлар томонидан қўлланилмоқда. Фикримча, бу яхши жараён. Албатта миллий анъаналаримизни сақлаган ҳолда замонавий йўналиш ҳам бўлиши керак. Турфа хиллик бўлгани халқимизни ҳам, хорижий меҳмонлар эътиборини ҳам ўзига жалб этади.

 

 

Қурилишдаги энг қийин жараён нима?

 Муҳаммаджон Мансуров: Аввало айтиш керакки, биз фақат ганч ишлари билан шуғулланмаймиз. Уста ҳар нарсани билиш керак. Сувоқни қилишни ҳам, ғишт теришни ҳам, том ёпишни ҳам. Шунинг учун “уста” номи берилади, буни оқлаш керак. Ҳамма жараённинг ҳам ўзига яраша қийинчилиги бор. Мушкулроғи томга гумбазни ўрнатишдир. Сабаби, баландлик ва аниқ ўлчамларини ҳисобга олган ҳолда оғирлиги камида 3 тонна ва ундан ёқори бўлган гумбазни жойлаштириш керак. Бундан кейин махсус металл каркасларни саккиз ёки тўрт бурчакка мослаб ниҳоятда аниқлик билан пайвандлаб, мустаҳкамланади.

Бир воқеани айтиб бераман. 2006 йилда ҳозирги Кўкча (“Шайх Зайниддин”) масжидини таъмирлаётганимизда айвонхонани бузмасдан туриб 20-30 метргача сурганмиз. Ҳайратланарлиси, бинога ҳеч қандай зарар етмаган, томи, пештоқлари барчаси ўз ўрнида қолган. Ҳозирда мажлислар зали қилинган шу бино. Одамлар ҳайрон қолишган: “Қандай қилиб бир иморатни бузмасдан туриб, бошқа жойга кўчириш мумкин?” деб кўп сўрашади. Бу Аллоҳнинг байти. Ўзининг марҳамати билан бўлди, деб жавоб берган эдик. Бу воқеани баъзиларга айтсангиз ишонмаслиги мумкин. Лекин шундай мўъжизалар ҳам бўлган.

 

Аллоҳ таолонинг байтини бунёд этишда нималарга аҳамият берилиши лозим? 

Фаҳриддин Ҳамзаев: Масжид қуриш бошқа биноларни қуришдан фарқ қилади. Унда покиза инсонлар, имкон қадар таҳорат билан ишласалар нур утига аъло нур бўлади. Усталар Аллоҳнинг уйини бунёд этаётганини унутмаслиги керак. Ҳеч ёдимдан чиқмайди. Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳамад Юсуф (р.ҳ.) ҳазратлари уй қурдираётган вақтларида ишлаётган усталаримизни бир кўриб беринг, қандай инсонлар ишлаяпти, деб илтимос қилган эдилар.  Бориб, усталар билан танишиб, билсак, аҳли илм зотларнинг  набиралари ишлаётганини билдик. Шунда ҳазратга бу йигитлар покиза, яхши усталар эканини айтганмиз.

 

Безак ишлари қандай амалга оширилади?

Муҳаммаджон Мансуров: Нақш услубларидан бири танланиб, лойиҳада кўрсатилган тури бўйича ишланади. Нақшлар қўлда ишланиши, ёки тайёр қолиплар асосида ёпиштирилиши мумкин. Ояти карима ёки ҳадисларни ёзишда эса аввало девор ўрнидаги жой танланади. Сўнг имом домладан қайси ўринга нималарни битиш маслаҳати олинади. Битикларни хаттотга хитой қоғозида ёздирилади. Биз битиклар туширилган қоғозни деворга ёпиштириб, ҳар бир ҳарф ва белгини тешиб чиқамиз. Шундан сўнг писта кўмир ёрдамида тешилган жойларига урганимизда деворда битикларнинг шакли ҳосил бўлади. Кейин ҳар бир катак ўйиб чиқилади. Бунда ҳарфларни ўзгариб кетишига эҳтиёт бўлиш лозим.

    

 

Ҳар бир нақш ва гул шакллари ҳамда қуббаларннг рамзий маъноси ва ўзига яраша вазифаси бор. Масалан, меҳроб ичидаги кичик қуббалар фақат безак учун қилинмайди. Улар “акустика” яъни, овозни чиқариб бериш вазифасини бажаради. Имом домла меҳробда қироат қилаётганида унинг овози ҳар бир ишланган қуббачаларга кириб жарангдор бўлиб ортга, хонақоҳга тарқалади. Шифтдаги панжара улубидаги безаклар эса ҳавони тортиб-туширишга кўмаклашади.

 

 

Қаерда янги масжид қурилса қалбимизда ҳаяжон билан уларни бориб кўрамиз, унда ибодатлар қиламиз. Лекин уларни барпо этишда қанчадан-қанча фидоий кишилар, қўли гул усталарнинг тинимсиз машаққатлари ётганини тасаввур эта олмаймиз. Бу кишилар икки дунёда ҳам юзлари мунаввар, шараф ва таҳсинга сазовор зотлардир. Улар Аллоҳнинг байтини бунёд этадилар. Сохадаги бунёдкорлик ишлари бардавом бўлсин. Масжидларимиздан таралаётган маърифат нури ҳамиша халқимизнинг эътиқоди, дину диёнатининг юксалишига, бирдамлик ва тотувликка хизмат қилсин.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Масжидлар бўлими

 

 

      

 

 

 

 

 

 

 

 

Read 1875 times

Янгиликлар

Top