Ўзбекистон янгиликлари

Салкам 500 йиллик тарихга эга Мир Араб олий мадрасасига янги ўқув мажмуи қурилмоқда

Бухоро шаҳридаги Мир Араб мадрасаси салкам 500 йиллик тарихга эга. Шарқ меъморчилигининг гўзал намунаси саналган бу гўшада ислом оламининг нуфузли илм даргоҳларидан саналган Мир Араб ўрта махсус ислом билим юрти фаолият юритиб келмоқда. Давлатимиз раҳбарининг вилоятга 2017 йилнинг март ойидаги ташрифи чоғида мазкур мадрасага олий диний таълим муассасаси мақомини бериш таклифи ўртага ташланганди.
“Халқ сўзи” нашрининг хабар беришича, натижада Ўзбекистон Мусулмонлар идораси томонидан Мир Араб олий мадрасаси ташкил этилди. Бу муассаса айни пайтда Баҳоуддин Нақшбанд ёдгорлик мажмуасида фаолият кўрсатмоқда. Ўз навбатида исломшунос мутахассислар, имом-хатиблар ва араб тили ўқитувчилари тайёрлашга ихтисослашган ўрта махсус билим юрти учун ҳам янги ўқув биносини барпо этиш фикрига келинди. Собиқ маданият коллежи биноси тубдан реконструкция қилинадиган бўлди. Шу мақсадда республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Алоҳида муҳим ижтимоий, маданий ва тарихий аҳамиятга эга бўлган объектларни қуриш, реконструкция, реставрация қилиш ва мукаммал таъмирлаш дирекцияси томонидан 60 миллиард сўм миқдорида грант маблағи ажратиш белгиланиб, бунёдкорлик ишларига жадал киришилди.
— Айни дамда объектда қурилиш ишлари якуний паллага кирмоқда, — дейди бош пудратчи корхона — «Когоннефтгазенергосервис» масъулияти чекланган жамияти иш юритувчиси Феруз Эргашев. — Ўқув мажмуи 3,2 гектар майдонда барпо этиляпти. Кўриб турганингиздек, мударрис- ўқитувчилар ва талабалар учун зарур барча қулайликлар яратилмоқда. Иккита ётоқхона, ошхона, спорт зали, теннис корти, футбол ва баскетбол майдонлари, мударрис-ўқитувчиларга мўлжалланган 12 квартирали хизмат уйи шулар жумласидан. Биз объектни янги йилга қадар фойдаланишга топшириш тараддудидамиз. Бу ердаги инфратузилма объектларидан Мир Араб олий мадрасаси жамоасининг ҳам фойдаланиши кўзда тутилган.
Сирасини айтганда, бугун Бухорони улкан қурилиш майдонига қиёслаш мумкин. Аммо шариф шаҳарда қурилаётган тураржойлару маданий- маиший объектлардан бу мажмуа бир жиҳати билан ажралиб туради. У Шарқ меъморчилигининг энг яхши анъаналари ҳамда замонавий архитектура унсурларини ўзида мужассам этган. Узунлиги 33 метрни ташкил этадиган нақшинкор айвон, 2 та суҳбатхона, масжид, йиғилишлар залини кўрган киши бунга яна бир карра гувоҳ бўлади. Хусусан, мажмуанинг бош пештоқи эътиборни тортмай қолмайди.
— Биз бу пештоқни бунёд этишда ота-боболаримизнинг меъморчилик анъаналарига, Марказий Осиё бинокорлигига хос услубга таяндик, — дейди таниқли кошинкор уста Бахтиёр Бобомуродов. — Юртимиз, жумладан Бухородаги қадимий ёдгорликларда бажарилган безак ишларини, қўлланилган рангларни синчиклаб ўргандик. Уларга ижодий ёндашишга интилдик. Зеро, обидалардаги жилвакор нақшлар, тасвирлар маълум бир маъно-мазмунни англатади.
Шу нуқтаи назардан мажмуа пештоқи марказига «Ҳар бир мусулмон ва муслима учун илм олиш фарз» деган ҳадиснинг Куфий ёзувида битилгани айни муддао.
Безакли ғишт териш, нақш солиш, гумбазларни барпо этиш қурувчилардан алоҳида билим, малака ва маҳоратни талаб қилади. Бухородаги кўплаб тарихий обидаларни таъмирлаш, реставрация қилишда бой тажриба тўплаган Маъмур Мирзаев, Тағи Обиддиновдек малакали усталар шогирдлари билан бу масъулиятли вазифани ўз зиммаларига олишди. Алишер Ғойибов бошлиқ ганчкор усталар эса мажмуа ички қисмининг бетакрор манзара касб этиши билан машғул.
Мутахассисларнинг фикрича, ўқув мажмуасининг қадимий Арк қалъаси яқинида жойлашгани, ён-атрофда бошқа кўҳна обидалар, кўркам меҳмонхона ҳамда хушманзара гўшаларнинг мавжудлиги, Шарқ меъморчилиги асосида барпо этилаётгани унинг хорижий сайёҳлар ҳам ташриф буюрадиган муҳташам тарихий иншоотга айланишидан дарак беради.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 2093 times

Янгиликлар

Top