Ўзбекистон янгиликлари

Имом-хатиблар учун тиббиёт жиҳозлари олинди

Коронавирус касаллиги бутун дунё ва юртимиз аҳолиси бошига соя солиб турибди. Ундан ҳимояланиш учун барча сабабларни, яъни тиббиёт мутахассислари кўрсатмаларига амал қилиб, Аллоҳ таолога таваккал қилиш лозим.

Шу боис Ўзбекистон мусулмонлари идораси Тошкент вилояти вакиллиги ташаббуси билан саҳоватпеша ҳомийлар кўмагида энг сўнгги русумдаги иккита замонавий нафас олиш қурилмаси, иккита тиббиёт тўшаги, тўртта танометр ва иккита ингалятор сотиб олинди.

Ушбу қурилмалардан вилоятда фаолият олиб бораётган диний соҳа ходимлари ва уларнинг оила аъзолари эҳтиёж юзасидан вақтинча фойдаланиб туриши мумкин. Қурилмалар вакиллик томонидан беморларга етказиб берилади. Ундан фойдаланиб бўлгандан сўнг жиҳозлар тозаланиб, вакилликга олиб келинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Ким бир мўминдан дунё қийинчиликларидан бирини енгиллаштирса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат оғирликларидан бирини енгил қилади. Ким ҳаётда қийналган кишига осонликни раво кўрса, Аллоҳ таоло унга дунё ва охиратда енгилликни ато қилур” (Имом Муслим ривояти).

Аллоҳ таоло коронавирус ва бошқа касалликдан азият чекаётган беморларга комил шифо берсин!

Тошкент вилояти вакиллиги матбуот хизмати

Read 2066 times

Янгиликлар

Top