Ўзбекистон янгиликлари

Фондни ривожлантириш йўналишлари белгиланди

Жорий йил 19 ноябрь куни “Вақф” хайрия жамоат фондининг Васийлик кенгаши йиғилиши бўлиб ўтди. Унда фаолиятни жадаллаштириш, ижтимоий лойиҳаларни амалга ошириш, инновацион услублардан унумли фойдаланиш ва моддий кўмак бериш имкониятини янада кенгайтириш муҳокама қилинди. Шунингдек, кенгашда иш самарадорлигини ошириш бўйича иштирокчилар фикр-мулоҳазалари ҳам тингланди.
Сўзга чиққан нотиқлар вақф мулкчилигини шакллантириш, кам таъминланган фуқароларга моддий ёрдамлар кўрсатиш кўламини кенгайтириш, масжид ва мадрасаларни обод этиш, бу борадаги ишларни жонлантириш лозимлигини таъкидладилар.
Йиғилишда ташкилий масала кўрилди. Аввал хабар берганимиздек, Фонд бошқарув кенгаши раиси Искандар Халилов бошқа ишга ўтгани муносабати билан Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур тумани “Шайх Зайниддин” жоме масжиди имом-хатиби Абдураҳмонов Яҳё бошқарув кенгаши раиси этиб тайинланди. Шунингдек, Фонд раиси ўринбосарлари Зоҳиджон Тўраев ва Икромжон Аҳмедов ҳам бошқа ишга ўтганлари маълум қилинди.
Бугунги кунда раҳбарларнинг ҳар жиҳатдан намуна, ташаббускор ва фидойи бўлиши давр талаби эканини ҳам мажлисда алоҳида қайд этилди. Ўз навбатида, белгиланган вазифалар ва истиқболдаги режаларни амалга оширишда жонкуярлик, жамоа бўлиб ишлаш ва замон талабларига монанд тезкорлик билан иш тутишнинг ўрни юқори эканига катта эътибор қаратилди.
Фонднинг янги раҳбарига фаолиятни замон талаблари даражасида олиб бориш, иш унумдорлигини ошириш, ижтимоий лойиҳалар, хайрия ишлари тўғрисида ОАВ ва интернет тармоғи орқали халқимизни хабардор этиш, маблағлар айланишининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик билан доимий алоқада бўлиш кабилар юзасидан муҳим тавсиялар берилди.

 

“Вақф” хайрия жамоат фонди Матбуот хизмати

Read 2457 times

Янгиликлар

Top