Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари, Оксфорд Ислом тадқиқотлари маркази (ОИТМ) халқаро академик маслаҳат қўмитасининг аъзоси Содиқ Сафоев мазкур маслаҳат қўмитасининг видеоконференцалоқа шаклида бўлиб ўтган навбатдаги йиғилишида иштирок этди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Сенат Ахборот хизмати хабарига кўра, йиғилишида марказ фаолиятининг асосий йўналишлари, халқаро ҳамкорликнинг истиқболдаги устувор йўналишлари кўриб чиқилди.
ОИТМ раҳбари, доктор Ф.Низомий раислик қилган йиғилишда мусулмон мамлакатларининг қатор таниқли сиёсатчилари, олимлари ва жамоат арбоблари иштирок этди.
Тадбир иштирокчилари томонидан мусулмонлар ҳамжамияти ҳамда ислом фани соҳасидаги ўқитиш ва тадқиқот фаолиятининг устувор йўналишлари муҳокама қилинди. Жумладан, соғлиқни сақлаш, фан ва технологиялар бўйича лойиҳалар, стипендиялар ва грантлар ажратиш, етакчилик дастурлари, халқаро академик ҳамкорлик ва бошқа масалалар кўриб чиқилди.
ОИТМ ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар 1992 йилда ўрнатилган. Марказ мутахассислари Уммон ҳукумати томонидан Тошкентдаги Беруний кутубхонаси лойиҳасини амалга ошириш учун жалб қилинди.
Ўзбекистон ёш тадқиқотчилари ОИТМда мунтазам равишда Марказий Осиё вакиллари учун яратилган Бухорий ва Термизий номли стипендиялар асосида малака оширади. Марказ томонидан Тошкент давлат шарқшунослик институти, Тошкент Ислом университети ҳузуридаги Исломшунослик илмий-тадқиқот маркази, Имом Бухорий халқаро маркази, Ислом цивилизацияси маркази ва Ўзбекистоннинг маданий қадриятларини хорижда ўрганиш маркази билан ҳамкорлик тўғрисида меморандумлар имзоланган.
2018 йил март ойида Ислом цивилизацияси, Имом Бухорий, Маданий бойликларни хорижда ўрганиш марказлари ва Тошкент ислом университети қошидаги Тадқиқот маркази ходимларидан иборат Ўзбекистон делегацияси ОИТМга ташриф буюрган эди. Ташриф якунлари бўйича 2018-2022 йилларда Ўзбекистон ва Буюк Британиянинг илмий марказлари ўртасидаги ҳамкорлик бўйича «йўл харитаси» тасдиқланган.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати