Шу йилнинг 12 декабр куни Нукус Муҳаммад ибн Аҳмад ал-Беруний ўрта махсус билим юртида билим юрти талабалари ўртасида «Фақиҳлар билимдони» беллашуви бўлиб ўтди.
Унда билим юрти талабаларидан ташкил топган «Ансорийлар», «Ҳилол», «Мужтаҳидлар», «Аҳли сунна», «Фақиҳлар» жамоалари қатнашиб, ўз билимларини синовдан ўтказишди.
Ҳар бир хайрли иш Қуръон тиловати билан бошлангани каби, ушбу тадбир ҳам Қуръони карим тиловати билан бошланди ва хайрли дуолар қилинди.
Беллашув учта шартдан иборат бўлиб, унда қатнашувчи жамоалар ўзларига берилган саволларга аниқ ва тўғри жавоб беришлари керак эди. Жамоаларнинг иштироки саволларга берилган жавоблар бўйича ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳолаб борилди.
Бугунги беллашув давомида қобилиятли талабалар томонидан гўзал саловат ва нашидлар ижро этилди.
Шунингдек, тадбир давомида қисқа – блиц савол-жавоб ўйинлари ўтказилиб борди ва энг кўп тўғри жавоб эгалари кимматбаҳо совғалар ва китоблар билан тақдирланди.
Беллашув якунига кўра тўртинчи босқич талабаларидан ташкил топган «Мужтаҳидлар» жамоаси биринчи, «Ҳилол» жамоаси иккинчи, «Ансорийлар» жамоаси учинчи ўринни эгаллади. Ғолиб жамоаларга билим юрти томонидан тайёрланган фахрий ёрлиқ ва совғалар топширилди. Шунингдек, ўзларининг фаол иштироки билан кўзга кўринган талабаларга ҳам эсдалик совғалари топширилди.
Тадбир сўнгида билим юрти устозлари талабалар ҳаққига дуо қилар экан, илмлари бундан ҳам зиёда бўлишини, илм олишдан ҳеч қачон чарчамаслигини ва тўхтамаслигини тилади. Биз ҳам илмингиз бундан ҳам зиёда бўлсин, деб қоламиз ҳурматли талабалар!
Билим юрти маънавият ва маърифат
ишлари бўйича мудир ўринбосари
Адилбай Ережепов