Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат ЮНИСЕФ вакилини қабул қилдилар

Шу йил 15 декабрь куни ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Мунир Мамадзодани Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари қабул қилдилар.

Муфтий ҳазратлари сўнгги йилларда муҳтарам Президентимиз ташаббуслари билан болаларни ижтимоий, ҳуқуқий ва маънавий жиҳатдан ҳимоя қилиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, Бош қомусимизда болалар ҳуқуқ ва эркинликлари борасида қайд этилган моддалар тўғрисида алоҳида тўхталдилар. Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан ёшлар таълим тарбияси, одоб-аҳлоқи, ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш йўналишларида бир қатор ишлар ҳақида муфтий ҳазратлари сўзлаб бердилар.

Мунир Мамадзода ўз сўзида Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан пандемия даврида амалга оширилган ишлар ва аҳолини сабр-қаноат ва тушунишга чорлаш борасидаги тарғибот-ташвиқотларни юқори баҳолади. Мартабали меҳмон ЮНИСЕФ ташкилоти МДҲ ва қўшни давлатларда жуда катта фойдали тадбирларни амалга оширгани ҳақида маълумот берди.

Мунир Мамадзода сўзида давом этиб, ЮНИСЕФ нуфузли ташкилотлар билан ҳамкорлик қилишдан манфаатдор экани ва ҳамкорлик йўналишларида ногиронлиги бор болаларга ёрдам кўрсатиш, ота-она ва болалар муносабатларини мустаҳкамлаш, саломатлигини яхшилаш, етим болаларга ғамхўрлик кўрсатиш зарурлигини алоҳида таъкидлади.

Мана шундай ишларни амалий жиҳатдан йўлга қўйиш учун Ўзбекистон мусулмонлари идораси, Дин ишлари бўйича қўмита ва ЮНИСЕФнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ўртасида ҳамкорлик қилиш меморандумини тузиш масаласи муҳокама қилинди.


Учрашув дўстона ва самимий руҳда ўтди.

Read 1593 times

Янгиликлар

Top