Ўзбекистон янгиликлари

Ҳадис илми мактабида журналист ва блогерлар учун пресс-тур ташкил қилинди

Жорий йил 23 декабрь куни Ҳадис илми мактаби томонидан амалга оширилаётган ишлар тўғрисида халқимизга янада кенгроқ ахборот бериш мақсадида Мактабда журналист ва блогерлар учун Пресс-тур ташкил қилинди.

Пресс-тур доирасида журналистлар дастлаб Имом Бухорий мақбарасини зиёрат қилишди. Шу ерда Муҳаддислар султони ҳаққига Қуръон тиловот қилинди. Шундан сўнг, иштирокчилар Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази фаолияти билан яқиндан танишдилар.

Марказ директори Ш.Зиёдов муассасанинг ташкил этилиши, мақсад ва вазифалари, халқаро ҳамкорлик ва илмий-тадқиқот йўналишида олиб борилаётган ишлар, эришилган ютуқлар хусусида сўзлаб берди.

Шундан сўнг журналист Ҳадис илми мактабига ташриф буюрди. Мактаб ректори О.Юсупов мактабнинг ташкил этилиш мақсадлари ва кутилаётган натижалар, мактабда талабаларнинг ўқишга қабул қилиш тизими, унда ўқитиладиган фанлар ва ўқув адабиётлари таркиби, мутахассислик бўйича ишлаб чиқилган ўқув режасини дунёнинг етакчи таълим муассасаларининг нуфузли уламолар томонидан эътироф этилганлиги ва ўқитишда қўлланиладиган замонавий методлар ҳақида сўзлаб берди.

Тадбир доирасида журналистлар Мактаб ўқитувчи ва талабалар учун қулай шарт-шароитлар сифатида бунёд этилган ёпиқ сув ҳавзаси, спорт зали, Ахборот-ресурс маркази, кафедралар, талабалар турар жойи билан яқиндан танишдилар.

Оммавий ахборот васиталари ходимларига Мактабда яратилганган шароитларни таништириш давомида Ахборот-ресурс маркази учун хориждан олиб келинган ўқув адабиётлари, ўқув жараёнларини электрон ахборот технологиялари орқали ташкил этиш, бошқариш ва мониторингини юритиш мақсадида ишлаб чиқилган электрон портал ҳақида ҳамда кафедра ўқитувчилар томонида ўқув-услубий, илмий тадқиқот йўналишларида амалга оширилаётган ишлар тўғрисида маълумот берилди.

Шунингдек, журналистлар дарс машғулотлари билан яқиндан танишиш мақсадида Миср Араб Республикасининг Ал-Азҳар университетидан жалб этилган Ҳадис илми фанлари доктори, профессор Маҳмуд Абдуллоҳ Абдурраҳмоннинг 2 курсдаги Ҳадис ва шарҳ фанидан бўлиб ўтаётган дарс жараёнига ташриф буюрдилар. Дарс машғулоти давомида журналистларга Мактабда фанларни ўқитишда қўлланилаётган ўқув методлари, ўқув жараёнларининг ўзига хос хусусиятлари ва талабалар томонидан қўлга киритилган ютуқлар ҳақида сўзлаб берилади.

Журналистлар ва ҳар икки илм маскани жамоаси иштирокида ўтказилган очиқ мулоқот давомида иштирокчиларни қизиқтирган саволларга мутахассислар томонидан жавоблар қайтарилди.

 

Ҳадис илми мактаби

Матбуот хизмати

Read 1440 times

Янгиликлар

Top