Ўзбекистон янгиликлари

360 та зиёратгоҳда қурбонлик маросимлари, барча масжидларда Қуръон хатми — «Вақф» фонди 6 кун хайрия тадбирлари ўтказади

Аҳолининг кам таъминланган, ёрдамга муҳтож қатламини моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида «Вақф» хайрия жамоат фонди томонидан хайрия тадбирлари ўтказилиши режалаштирилган.

Хайрия тадбирлари 2020 йил 25-30 декабрда (6 кун) Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрининг барча туман/шаҳарларида ўтказилади.

Республиканинг 360 та мўътабар зиёратгоҳ ва қадамжоларида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти, уламолар, туман/шаҳар бош имом-хатиблари иштирокида қурбонлик маросимлари ташкил этилади. Қурбонлик сўнггида Қуръони карим тиловат қилинади ҳамда юртимизнинг тинчлилиги, осойишталиги ва тараққиёти, турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилинади.

Республикамизнинг барча — 2 079 та масжидида 6 кун давомида ҳуфтон намозидан кейин жами 12 480 та Қуръони карим хатми амалга оширилади.

Сирдарё ва Бухоро вилоятларидаги зиёратгоҳларда ҳам Қуръони каримнинг хатми адо этилиб, офатдан зарар кўрган ватандошларимиз ҳақига эзгу дуолар қилинади.
Шунингдек, хайрия тадбирлари якунида юртимиздаги қадимий анъанага мувофиқ Имом Бухорийнинг «Саҳиҳи Бухорий» китоби иқтидорли имомлар томонидан хатм қилинади. Ушбу маросимнинг якуни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий У.Алимов томонидан Самарқанддаги Имом Бухорий мажмуасида амалга оширилади.

Уламолар, имом-хатиблар Қуръони карим ва «Саҳиҳи Бухорий» китобларининг хатми якунида юртимизга тинчлик, хотиржамлик, хонадонларимизга қут-барака, янги йилда мамлакатимизнинг янада тараққий этишини сўраб дуо ва илтижолар қиладилар.

«Вақф» фонди томонидан ҳар бир маҳаллада муҳтож оилаларга озиқ-овқат маҳсулотлари тўплами тарқатилади. Имом-хатиблар «Вақф» фондининг ҳудудий вакиллари билан ҳамкорликда муҳтож хонадонларга кириб бориб, хайрияни тарқатади.

Жойлардаги «Меҳрибонлик», «Саховат» ва «Мурувват» уйларида ош дастурхонлари ташкил этилиб, маиший техника воситалари тарқатилади. Хайрия тадбирлари оммавий ахборот воситаларида кенг ёритилади.

Read 1624 times

Янгиликлар

Top