Ўзбекистон янгиликлари

Олий маъҳад ўқитувчилари учун қишки таътилда малака ошириш курслари ташкил этилди

Аввал хабар берганимиздек, Тошкент ислом институти талабалар учун қишки таътил даври тасдиқланган ўқув режасига мувофиқ 2020 йил 28 декабрдан 2021 йил 11 январгача этиб белгилан эди.

Шу муносабат билан таътил даврида Тошкент ислом институти педагог-ўқитувчилар учун ўқув жараёнига оид меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлар, замонавий педагогик технологиялар ва методлар ҳамда ихтисослик фанлари бўйича ўқув семинари ташкил этилди.

Бугун, 28 декабрдан бошлаб, ўқув-услубий бўлим томнидан ташкил этилган Тошкент ислом институтида таълимни “Кредит-модуль тизимига ўтказиш, ўқув жараёнини рақамлаштириш ҳамда илмий салоҳиятни ошириш масалалари”га бағишланган 10 кунлик малака ошириш ўқув машғулотлари бошланди.

Семинарнинг биринчи дарсини ТИИ ректори У.Ғафуров ўтиб, мазкур ўқув машғулотларининг моҳияти, вазифалари ҳамда семинарнинг ташкилий масалалари тўғрисида маълумот берди. Ректор якунланаётган биринчи семестрдан сўнг бошланадиган навбатдаги ўқув семестрда амалга ошириши режалаштирилган ишлар, кредит-модуль тизимига ўтиш билан боғлиқ ўқув ва ташкилий масалалари ҳақида тўхталди.

Айни пайтда ўқув жараёнларида энг муҳим масалалардан ҳисобланган профессор-ўқитувчиларнинг илмий даража ва унвонларини ошириш, докторлик дессертацияларини ёқлаш, илмий тадқиқот мавзуларини кенгашларда тасдиқлатиш каби жараёнларга оид билимлар тақдим қилинди.

2020-2021 ўқув йили маълумотларига кўра, ТИИнинг “Ақоид ва фиқҳий фанлар”, “Ҳадис ва ислом тарихи”, “Таҳфизул Қуръон”, “Тиллар” ва “Ижтимоий фанлар” кафедраларида 2 та профессор, 74 та магистр, 7 та доцент, 17 та бакалавр даражасидаги ўқитувчилар фаолият юритмоқда. Рақамлардан кўриниб турибдики, институтда профессор-ўқитувчиларнинг илмий салоҳиятни ошириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилган. Эндиликда эса, қолган ўқитувчиларнинг ҳам докторантурага кириши ёки мустақил ва эркин тадқиқотчи сифатида илмий ишларни бошлаши учун замин ҳозирланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, мазкур ўқув семинари 2021 йилнинг 9 январига қадар давом этади. Сайтимиз орқали ўқув курсларидаги энг муҳим мавзуларга бағишланган дарслар билан сизларни таништириб борамиз.

Бугун ўтган дарс машғулотларидан бири, “Кредит-модуль тизимига ўтиш  нима учун керак? Мақсад, моҳият ва афзалликлари” тўғрисида навбатдаги мақоламизда маълумот берамиз.

 

ТИИ Матбуот хизмати

 

 
 
Read 1812 times

Янгиликлар

Top