Ўзбекистон янгиликлари

Саудия Арабистони компанияси Жануби-Шарқий Осиё давлатларида «Ўзбек зиёрат туризми» брендини тарғиб қилади

Мамлакатимизнинг Саудия Арабистонидаги элчихонаси ташаббуси билан Ўзбекистон Республикаси Давлат туризм қўмитаси раиси ўринбосари У.Агзамов ва Саудиянинг «Radiant Travel & Tours» компанияси масъул вакиллари С.Шейх ва А.Жалал иштирокида онлайн-мулоқот ташкил этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.
Ўзбекистон элчихонаси манбасига кўра, онлайн-тадбирда ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган чора тадбирлар юзасидан фикр алмашилди. Жумладан, Саудия Арабистонига Жануби-Шарқий Осиё давлатларидан келадиган Ҳаж ва Умра амалларини бажарувчиларга қулайлик яратиш ва уларнинг сафарларини мазмунан бойитиш мақсадида «Ўзбек зиёрат туризми» брендини кенг тарғиб қилиш масаласи атрофлича муҳокама қилинди. Хусусан, уларга Умра сафари давомида Ўзбекистонда бўлиб, ислом дунёсида машҳур қадамжоларни зиёрат қилиш таклифи илгари сурилди. Бу йўналишда республикада 6 та халқаро мақомга эга аэропорт мавжудлиги ва тегишли туристик инфратузилмалар фаолият юритаётганлиги алоҳида таъкидланди.
«Radiant Travel & Tours» компанияси вакиллари Саудия Арабистони ва юқорида кўрсатилган минтақадаги давлатлар ҳамжамиятларида Ўзбекистоннинг туристик салоҳиятини кенг тарғиб қилишга мўлжалланган қатор лойиҳаларини ташкил этишга тайёрлигини билдирди.
Ўз навбатида, ўзбек томони уларни бу борада фаол қўллаб қувватлашини тасдиқлади.
Музокаралар якунида туризм йўналишидаги ҳамкорликни бошлаш ва икки томонлама алоқаларни янада мустахкамлашга келишиб олинди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1492 times

Янгиликлар

Top