Ўзбекистон янгиликлари

Аллоҳ таолога маконларнинг энг яхшиси масжидлардир

Кейинги йилларда улуғ алломалар номлари билан боғлиқ зиёратгоҳлар, мақбаралар, масжид ва мадрасаларни асл ҳолига қайтариб, уларни қайта тиклаш, обод қилиш, миллий қадриятларимизни асраш, аждодларимиз хотирасини улуғлаш, уларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатишга кенг кўламда эътибор қаратилмоқда.

Улуғ қадамжолардан бири Қўшработ туманининг Шова қишлоғидаги домла Камолиддин Охунд номидаги жомеъ масжиддир. Бу муҳтарам зот ҳақида сўз юритадиган бўлсак, у киши 1868 йилда ана шу қишлоқда дунёга келган. Домла Камолиддин Охунд ёшлигидан зеҳнининг жуда ўткирлиги, зукколиги, қобилиятлилиги билан кўпчиликнинг назарига тушади. Бундан хурсанд бўлган акалари Жонтемир ва Халил у кишини Шова қишлоғининг юқорисида жойлашган Пангат қишлоғидаги масжидга ўқишга берадилар. Бу масжиднинг ўша пайтдаги имом-хатиблари Бухоро мадрасасасини битирган Мулло Усмон ҳамда Авлиёхўжа эшон ғоят иқтидорли бу йигитни ўз ҳомийликларига олиб, Бухорои шарифдаги олий мадрасага ўқишга юборадилар. 1904 йилда мадрасани битириб чиқади. Ўткир қобилияти ва иқтидори туфайли унинг номи элга, ҳатто араб мамлакатларига ҳам таралади. Шу билан бирга домла Камолиддин Охунднинг авлиёлик сифатлари ёрқин намоён бўлиб, Нақшбандия тариқати бўйича ўттиз икки авлиё сифатида мусулмон оламида тилга олинади. Эски мустабид тузим даврида қаттиқ таъқиб қилинишига қарамасдан уйига зиёратга келувчиларнинг кети узилмасди. Домла ислом маърифатини, дину диёнатни ҳар қандай хуружу тўфонлардан сақлаб қолишга ва кейинги авлодларга етказишга ўзининг салмоқли ҳиссасини қўшган. Шунингдек, халқ орасида қисқача Домла Камол номи билан машҳур бўлган бу зот ўзининг илми, камтарона ҳаёт тарзи, топганини халққа тарқатиш одати билан шуҳрат топган. Домла Камолиддин Нақшбандия-Аълия тариқати муршиди ҳам бўлган.

Мамлакатимиз мустақилликка эришгач, хусусан муқаддас динимиз қайта тиклангандан кейин юртимиздаги кўплаб улуғ аждодларимиз қатори Домла Камолиддин Охунднинг ҳам динмиз, эл-юрт олдидаги хизматлари ўз рўёбини топди, унинг буюклиги янада ёрқинроқ намоён бўла бошлади. Шова қишлоғидаги уй-жойлари асл ҳолига келтирилди, масжиди, боғ-роғлари замонавий тарзда қайта қурилди, ободонлаштирилди. 2002 йилда бу жой уй-музейига айлантирилди. Унинг очилиш тадбирида ўша вақтда Самарқанд вилоятининг бош имом-хатиби бўлиб ишлаб турган, ҳозир кунда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий ҳазратлари Усмонхон Алимов ҳам иштирок этган.

Шунингдек, Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Самарқанд зиёлиларидан бири гуруҳининг ташаббуси билан 1998 йил Самарқанд шаҳрида янги масжид Адлия бошқармаси рўйхатидан ўтказилиб, унга “Домла Камолиддин” дея ном берилган эди.

Орадан бир неча йиллар ўтиб, Қўшработ туманидаги “Домла Камолиддин Охунд” масжиди ва у зотнинг мақбараси яна ҳам ободонлаштирилди. 2020 йил февраль ойида вилоят раҳбарлари ҳамда диний идора ва Самарқанд вилоят вакиллиги ташаббуси билан ушбу хайрли ишга киришилган эди. Ўтган давр мобайнида янги масжид биноси қад ростлади. Домла Камолиддин Охунднинг мақбараси ободонлаштрилди.

Олиб борилган ишлар билан яқиндан танишиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Қўшработ тумани, Шова қишлоғида бўлдилар. Ҳазрат, алломанинг мақбараларида олиб борилган қурилиш, обдонлаштириш ишлари, янги бино қилинган масжид ва таҳоратхонани кўздан кечирдилар. Шу ерда маҳаллий аҳоли, намозхонлар билан суҳбатлашиб, юртимизда олиб борилаётган ижтимоий, маърифий ислоҳотлар, динимиз равнақи йўлида амалга оширилаётган ишлар, улуғ алломаларимизнинг илмий меросларини ўрганиш бўйича йўлга қўйилган чора тадбирлар ҳақида сўз юритдилар. Шундан сўнг ватанимиз тинчлиги, халқимиз фаровонлиги, ўтган аждодларимизнинг ҳақларига дуолар қилинди.

Албатта, Масжидлар Аллоҳ таолонинг ер юзидаги уйларидир. Улар ер юзидаги энг покиза ва тоза маконлардир. Масжидлар динни ўрганиш, Қуръонни ёдлаш, Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратларини таълим олиш учун илм ва зикр мажлислари ташкил этиладиган бўстонлардир. У ерда одамлар бир-бирларидан тарбия, ахлоқ, одоб ўрганадилар. Масжидларни обод қилиш тоат-ибодатлар билан ҳамда ўша масжидларни яхшилаб қуриб, таъмир этиб, пок сақлаб, муҳофаза қилиш билан бўлади.

Зеро, Аллоҳ таоло Қуръонда “(У) бир уйлардаки, Аллоҳ уларнинг кўтарилишига ва уларда Ўз исми зикр қилинишига изн бергандир. Уларда Унга эртаю кеч тасбиҳ айтурлар” деб айтган (Нур сураси, 36-оят).

Динимиз бизларни масжидлар қуришга ва уларни обод этишга чақирган. Бу ишни жаннатга олиб борадиган ва Аллоҳнинг ризосига эриштирадиган йўл деб эълон қилган.

Усмонрозияллоҳуанҳуданривоятқилинган ҳадиси шарифда эса:

“Расулуллоҳсоллаллоҳуалайҳивасалламнинг:“Ким Аллоҳнинг розилигини тилаб бир масжид қурса, Аллоҳ жаннатда унга ўшанинг мислини қуриб беради”, деганларини эшитганман”, дейилади.

Муфтий ҳазратларига сафарлари давомида Самарқанд вилоят бош имом-хатиби Зайниддин Эшонқулов, Вилоят ҳокими ўринбосари Д.Мамадкулов ва бошқа мутасаддилар ҳамроҳлик қилди.

ЎМИ Самарқанд вилоят вакиллиги матбуот хизмати

Read 1652 times

Янгиликлар

Top