Ўзбекистон янгиликлари

Ўзбекистон Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси Ислом ҳамкорлиги ташкилоти нашри диққат марказида

Малайзиянинг машҳур «OIC Today» журналида «Президент Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси» сарлавҳали таҳлилий мақола нашр этилди, деб хабар бермоқди «Дунё» АА.
Нашр Ўзбекистонда ўтган «Илм, маърифат ва рақамли иқтисодиётни ривожлантириш йили»да барча соҳаларни ислоҳ қилиш учун амалга оширилган кенг кўламли ишлар янги мамлакат қуришга қаратилганлигини таъкидламоқда. Мисол тариқасида бир қатор маълумотлар келтирилган. Жумладан, олий ўқув юртларига қабул қилиш параметрлари 2016 йилга нисбатан 2,5 баравар, ўзбек ёшларини олий маълумот билан қамраб олиш даражаси эса 9 фоиздан 25 фоизгача ўсди. Шунингдек, биринчи марта кам таъминланган оилаларнинг мингга яқин қизлари махсус давлат грантлари асосида олий ўқув юртларига қабул қилинганлиги қайд этилган.
Шу билан бирга, муаллиф ўқувчиларни Ўзбекистоннинг иқтисодий ривожланиш соҳасидаги ютуқлари билан таништирди. Таъкидланишича, Халқаро валюта жамғармаси ва халқаро рейтинг агентликлари ҳисоб-китобларига кўра, Ўзбекистон дунёдаги мавжуд вазиятга қарамай, 2020 йилда иқтисодий ўсишнинг ижобий суръатларини сақлаб қолди. Бундан ташқари, мамлакатда 197 та йирик, минглаб кичик ва ўрта корхоналар ҳамда инфратузилма яратилди.
Нашрда мамлакатимизнинг БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашига сайланиши, шунингдек, Ўзбекистон раҳбарининг БМТ минбаридан айтилган глобал ва минтақавий ташаббуслари алоҳида эътироф этилди. Муаллиф таъкидланганидек, ушбу ташаббуслар катта қизиқиш билан кутиб олинган ва дунё ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Шу билан бирга, мақолада Президент Шавкат Мирзиёев ёшларнинг улкан мақсадларга эришиш имкониятларини кенгайтиришни устувор вазифа сифатида белгилаганлиги таъкидланган. Шу муносабат билан мамлакатда давлат раҳбари томонидан таклиф қилинган «Янги Ўзбекистон мактаб остонасидан, таълим ва маърифат тизимидан бошланади» тамойили доирасида кенг кўламли ислоҳотлар режалаштирилган.
«2021 йилда соғлиқни сақлаш тизимини ривожлантиришга алоҳида эътибор берилади. Коронавирус пандемиясига қарши кураш Ўзбекистон учун энг муҳим вазифалардан бири бўлиб қолади. Мазкур вазифалар учун 2021 йилги давлат бюджетида 300 миллион долларлик захира шакллантирилди. Ушбу маблағлар аҳолини коронавирус инфекциясига қарши эмлаш учун ҳам сарфланади», - дейилади мақолада.
Хулоса ўрнида Малайзия ОАВ мамлакатни барқарор ривожлантириш мақсадида Ҳукумат бошланган ислоҳотларни изчил давом эттиришини ва ҳар бир фуқаро ўз ҳаёти ва тақдири Ўзбекистоннинг тақдири ва келажаги билан узвий боғлиқлигини янада чуқурроқ ҳис қилишини билдирган.
«OIC Today» - бутун дунё сиёсатчилари учун Ислом ҳамкорлиги ташкилоти (ИҲТ) мамлакатлари ҳақидаги премиум-классдаги ишбилармонлик ва инвестициявий журнал.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1552 times

Янгиликлар

Top