Ўзбекистон янгиликлари

Президент Мурожаатномасидаги диний-маърифий йўналишдаги вазифалар муҳокама қилинди

Жорий йилнинг 20 январь куни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий мажлисга Мурожаатномасида баён этилган диний-маърифий ҳаётимизнинг устувор йўналишлари Ўзбекистон мусулмонлари идорасида ташкил этилган тадбирда муҳокама қилинди.

Анжуманда Диний идора ва тизим таркибига кирувчи бўлинмалар раҳбарияти, ходимлари, шунингдек, Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти вакиллари иштирок этди.

Тадбир анъанага мувофиқ, Қуръони карим тиловати ва хайрли дуо билан бошланди. Шундан сўнг йиғилишни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов очиб берди.

Ўзбекистон Давлат санъат ва маданият институти катта ўқитувчиси Ўткир Мавлонов Президентимиз Мурожаатномасида ижтимоий-маънавий, диний-маърифий ва маданий-гуманитар соҳалардаги кенг кўламли ислоҳотларни давом эттириш бўйича белгиланган асосий вазифалар ҳақида сўзлаб берди.

Шунингдек, йиғилишда сўзга чиққанлар бугунги кунда юртимизда ёшларни илм-маърифатли, одоб-ахлоқли этиб тарбиялашга алоҳида эътибор қаратилаётгани, бунда йигит-қизларимиз илм-маърифат эгаллашлари учун барча имкониятлар яратиб берилаётгани, бунинг натижасида ёшларимиз илм-маърифат билан улкан муваффақиятларга эришаётганларини таъкидладилар.

Динимизда ёшларнинг одоб-ахлоқли бўлиши, илм олиши энг муҳим шартлардан ҳисобланади. Ҳадиси шарифда: “Илм Чин-Мочин (Хитой)да бўлса ҳам, уни излаб топиб, эгаллангиз. Зеро, илмни талаб қилиш ҳар бир мусулмонга фарздир”, дейилган.

Ҳар инсон юртига ўзининг илми, иш юритиш тартиби, самара берадиган амалий ишлари билан юртимиз тараққиёти ҳисса қўшиши керак. Ушбу фикр-мулоҳазалар йиғилиш иштирокчиларининг якуний хулосаси бўлди. 

Йиғилиш якунида Иброҳимжон домла Иномов дуо-хайрлар қилдилар.

 

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1741 times

Янгиликлар

Top