Ўзбекистон янгиликлари

Қувончли хабар: “Мулла Қосим домла” масжиди очилди!

Пойтахтимизнинг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган “Мулла Қосим домла” жоме масжиди янги биносининг очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов, Тошкент шаҳар бош имом-хатиби Нуриддин Холиқназаров, Мирзо Улуғбек тумани Бош имом хатиби Акбарали Маматов, “Мулла Қосим домла” жоме масжиди имом-хатиби Азимжон Алимжонов ва намозхонлар иштирок этди.

Маросимда Нуриддин домла Холиқназаров намозхонларга масжид қавми ва мўмин-мусулмон халқимизни янги жоме очилиши билан муборакбот этиб, Аллоҳ таолодан юртимизда бундай хайрли ишларни зиёда қилишини, унинг қурилишига ҳисса қўшган кишиларга ажру савобларни кўпайтириб беришини сўраб хайрли дуолар қилдилар. Сўнг шу ҳафтадаги жума маърузаси бўйича: “Тил офатлари” мавзуси бўйича таъсирли маъруза қилдилар. Ушбу жараён muslim.uz портали орқали онлайн тарзда юртимиз ва хориждаги ўзбек тилида сўзлашувчи кишиларга намойиш этди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 13 июнь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ушбу масжиднинг янги биноси пойдеворига илк ғиштини табаррукона қўйиб, унинг қурилишига оқ фотиҳа берган эдилар

– Сўнги пайтда жоме биноси яроқсиз ҳолатга келиб қолгани, жамоат сезиларли даражада ортиб, хонақоҳ торлик қилаётгани сабаб маҳалла фаоллари, намозхонлар масжидни қайта қуриш бўйича таклиф билан чиқди, – дейди масжид имом-хатиби Азимжон Алимжанов. – Ушбу хайрли ташаббусни Ўзбекистон мусулмонлари идораси қўллаб-қувватлади. Шундан сўнг қурилиш жараёнлари бошлаб юборилди. Жоменинг эски биноси 300 кишини сиғдирган бўлса, ҳозирги янги биноси 4 200 намозхонга мўлжалланган. Биргина икки қаватли катта хонақоҳнинг ҳар бир қаватига 1000 нафардан намозхон сиғади. Ўн кишилик эски таҳоратхона ўрнига қурилган янги таҳоратхонадан 70 киши фойдаланиши мумкин.

Шунингдек, масжидда аёллар намозхонаси, гапиришида нуқсони бўлган кишилар учун ташкил этилган алоҳида хонада динимиз аҳкомлари ва жума маърузаси тушинтириб берадиган мутахасис фаолият юритади. Ундан ташқари мажмуада хизмат хоналари, мажлислар зали, кутубхона, қоровулхона ўрин олган”.

– Жоменинг янги биноси қурилиш ишлари 2020 йил январ ойида бошланган эди, – дейди қурилиш прораби (ишбошиси) Олим Ибрагимов. – 2021 йил 20 январда тўлиқ якунланди. Унинг умумий ер майдони 55 сотохни ташкил этади. Жоменинг эски биноси жойлашган ер қазилиб, 10 метр пастга туширилди. Масжид уч гумбаз ва 24 метрли битта минорали қилиб қурилди. Шунингдек, масжид мажмуаси ёнида жойлашган “Бўз” қабристони обод этилди, бу ерга келадиган йўллар кенгайтирилди, кўп қаватли уйлар атрофи обод қилинди.

Маълумот учун, “Муллақосим” масжиди 1,5 асрлик тарихга эга. 19 асрнинг 80 йилларда Мусобой деган киши “Бўз” маҳалласига кўчиб келган. Кейинроқ ўғилларига масжид ёнидаги ерда уй қуриб, уларнинг таълим-тарбиясига алоҳида эътибор беради. Жумладан, Қосим исмли ўғлини Саид Усмонхон деган устозга шогирдликка беради. Яхши илм олган мулла Қосим домла кўп йиллар шу ердаги маҳалла аҳлига хизмат қилади. Маҳалла домласи масжидни кенгайтириш учун уйини ҳадя қилади, ўзи маҳалладаги бошқа жойга кўчиб ўтади.

Масжид илк бор 1880-1885 йилларда Мулла Қосим бошчилигида маҳаллий аҳоли ҳашар хашар йўли билан “Бўз” қабристони ёнида қуради. Сўнг одамларга кўп хизмат қилган домла шарафига “Мулла Қосим домла” масжиди деб ном берган.

Истиқлол туфайли ушбу масжид 1996 йил 25 июнда жоме мақомини олди. 1998 йил 13 августда Адлия бошқармасидан № 40 рақам билан қайта рўйхатдан ўтди. 1999 йили масжид, 2007 йили тахоратхона халқ ҳашари йўли билан замон талабига мос қилиб кайта таъмирланди. 2008 йил 2 сентябрда Тошкент шаҳар ер ресурслари ва Давлат кадастр бошқармаси жомени давлат рўйхатидан ўтказди.

Аллоҳ таоло ушбу масжидни халқимизга муборак қилсин, юртимизда яна кўплаб масжидлар барпо бўлишини бардавом айласин!

Баҳриддин Хушбоқов,
Ўзбекистон мусулмонлари идораси
матбуот хизмати ходими

Read 2542 times

Янгиликлар

Top