Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат бошчилигида хатми Бухорий ўқилди

Бугун, 23 январь куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари Самарқанд вилоятига ташрифлари давомида Имом Бухорий зиёратгоҳида индонезиялик инсонларнинг илтимосига биноан адо этилган “Саҳиҳул Бухорий” китобининг хатмонасида иштирок этдилар. Маросимда Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов, Самарқанд вилояти бош имом-хатиби ўринбосари Хайрулло домла Саттаров, Диний идора Иш бошқарувчиси Рустам Жамилов ва Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Шовосил Зиёдов иштирок этди.
Хатми Бухорий хатмонасини муфтий ҳазратлари бошчиликларидаги бир гуруҳ мўътабар уламолар қаторида Ҳадис илми олий мактаби устози, мисрлик олим Шайх Маҳмуд ҳам ўқиб бердилар.
Шундан сўнг хатмона якунида юртимизга тинчлик-хотиржамлик, хонадонларимизга қут-барака, бутун дунё, жумладан диёримиз турли бало ва офатлардан омонда бўлишини сўраб дуолар қилдилар.
Мўътабар манбаларда Имом Бухорий ҳазратларининг «Саҳиҳи Бухорий» тўпламларини ўқиб чиқиш орқали ҳам турли балою офатлардан сақланиш мумкинлиги қайд этилган.
Шундай экан, Аллоҳ таоло тез ва қисқа фурсатда юртимиздан бу балони кўтариб, маъмур ва фаровон ҳаётимиз изига тушиб кетишини насиб этсин. Коронавирус инфекциясини юқтириб олган юртдошларимизга шифои комил берсин, муҳтарам Президентмиз томонларидан бошланган оқилона ислоҳотларимизни охирига етказишни насиб этсин. Юртимиз тинч, осмонимиз мусаффо ва халқимиз ҳаёти фаровон бўлсин.
Самарқанд вилояти Қорасу мавзесида янги қурилиши режалаштирилган жоме масжиднинг лойиҳаси билан танишилди. Муфтий ҳазратлари томонидан бунёдкорлик ишларини миллий ва замонавий андозаларга мос ҳолда амалга ошириш юзасидан муҳим тавсиялар берилди.
Самарқанд вилояти сафари давом этмоқда.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Матбуот хизмати

Read 2033 times

Янгиликлар

Top