Ўзбекистон янгиликлари

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида тарғибот тадбири бўлиб ўтди

Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот марказида Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва унда илгари сурилган ташаббусларни халқимизга етказиш мақсадида тадбир ўтказилди.

Унда марказ жамоаси, Ҳадис илми мактаби ўқитувчи ва талабалари ҳамда Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузуридаги малака ошириш маркази Самарқанд минтақавий филиали тингловчилари иштирок этди.

Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институти ректори Иброҳим Йўлдошев ва Самарқанд давлат чет тиллар институти ректори Илҳом Тўхтасинов сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, фан-таълим, маданият, тиббиёт соҳаларини ривожлантириш, иқтисодий барқарорликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар ҳақида сўз юритди. Ушбу йўналишларда эришилаётган ютуқлар ҳаётий мисоллар билан тушунтирилди.

Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси ҳам ушбу эзгу саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлгани, унда илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар юртимиз тараққиётига хизмат қилиши эътироф этилди.

– Давлатимиз раҳбари Мурожаатномада калом илмининг асосчиси, буюк мутаккаллим Абу Мансур Имом Мотуридий ҳазратларининг “Тириклик ҳикматини соғлиқда, деб билгин”, деган чуқур маъноли ҳикматларини ёдга олдилар, - деди Имом Бухорий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори Ш.Зиёдов. - Дунё халқларини ларзага солган коронавирус пандемияси даврида бу ҳикматнинг нечоғли аҳамиятга эга эканлигини халқимиз чуқур ҳис этди. Албатта, халқимизга, ёшларимизга аждодларимизнинг кимлигини танитсак, уларнинг илмий меросини чуқур ўргатсак, уларнинг орасидан адашганлар чиқмайди. Аксинча, юртимизни янада тараққий эттиришга муносиб ҳисса қўша оладиган етук кадрлар, улуғ алломаларимизга муносиб ворислар етишиб чиқади.

Тадбир доирасида Президентимиз томонидан Мурожаатномада илгари сурилган энг муҳим ташаббуслар акс этган видеоролик намойиш этилди.

Ғ.Ҳасанов, ЎзА

Read 1544 times

Янгиликлар

Top