Ўзбекистон янгиликлари

Президент янги марказ қурилишини  кўздан кечириб, ўз тавсияларини берди

Президент Шавкат Мирзиёев Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш жараёнини кўздан кечирди.

Бугунги кунда бино тўлиқ қад кўтарган. Унинг марказида улкан шарқона гумбаз, тўрт томонида 34 метрлик пештоқлар қурилган.

Давлатимиз раҳбари ҳар бир йўлак ва хонага кириб, уларни пардозлаш ва жиҳозлашга оид лойиҳаларни кўрди.

Марказнинг ички ва ташқи кўриниши, нақшлари юзасидан тавсиялар берилди. Хоналарни кўплаб сайёҳлар, делегациялар келиши, халқаро конференциялар ўтказилишини инобатга олиб замонавий жиҳозлаш, экспозицияни турли ёшдаги инсонларга мос ҳолда тайёрлаш зарурлиги таъкидланди.

Президентимиз аввалги ташрифи чоғида Ислом цивилизацияси маркази шу йўналишдаги илмий муассасалар учун негиз бўлиши, бу ерда олимлар тадқиқот олиб бориб, талабалар билимини мустаҳкамлаши кераклигини айтган эди.

Шунга кўра, лойиҳа такомиллаштирилиб, марказда Халқаро ислом академиясининг магистрант ва докторантлари ўқиши учун шароит яратиш назарда тутилган.

Марказнинг интерьер ва экстерьер безаги, жиҳозланиши, коммуникация, хавфсизлик тизимлари энг илғор талабларга жавоб беради. 

Давлатимиз раҳбари шу ерда олимлар, зиёлилар, нуронийлар ва маҳалла раислари билан суҳбатлашди.

- Миллий ўзликни англаш деб кўп гапирамиз. Лекин шунга муносиб бўляпмизми, деган туйғу мени қийнайди, - деди Шавкат Мирзиёев. - Ота-боболаримиз қийин шароитларда, меҳнат-машаққат билан қандай буюк ишларни амалга оширган. Жадид боболаримизни ҳам бекорга қатағон қилишмаган. Чунки билишардики, илм, ғурур, давлатчилик бизнинг қонимизда бор. Бу ерда ҳамма буюк алломаларимизнинг овози эшитилиб туради.

Марказ жойлашган Олмазор туманидаги ҳар бир маҳалла ушбу маърифат масканига муносиб бўлиши, билим, тарбия жиҳатидан таклифларини бериши зарурлиги таъкидланди.

- Шуни амалга оширсак, ҳар бир маҳаллага Ислом цивилизацияси марказининг нури киради, юзимиз ёруғ бўлади, – деди Президент.

Марказ қурилиши давом этмоқда.

Манба:  https://president.uz

 

Read 1845 times

Янгиликлар

Top