Ўзбекистон янгиликлари

Покистонлик сайёҳларнинг зиёрат туризми доирасида Ўзбекистонга сафарларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди

Ўзбекистон элчиси Ойбек Усмонов Покистондаги Ўзбекистон туризм ахборот маркази директори Ҳамид Маҳмуд Чаудри билан учрашди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА мухбири.
Тадбирда покистонлик сайёҳларнинг зиёрат туризми доирасида Тошкент, Самарқанд ва Бухоро шаҳарларига сафарларини ташкил этиш масалалари муҳокама қилинди.
Ёшлар туризмини ривожлантириш, талабалар алмашинуви, “В2В” учрашувлари, семинарлар, академик саёҳатлар, икки мамлакат вакилларининг брифингларини ўтказиш бўйича тадбирларни амалга ошириш жадвали келишиб олинди.
Ҳамид Маҳмуд Чаудри элчихона кўмагида Ўзбекистонда эълон қилинган Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили доирасида «make up», гастрономик ва экотуризм бўйича қисқа муддатли ўқув курсларини ўтказиш учун блогерларни жалб қилишини тасдиқлади.
Мулоқотда, шунингдек, покистонлик талабалар сонини ошириш бўйича қўшма дастурларни амалга ошириш тўғрисида келишувга эришилди.
Ўзбекистонда зиёрат туризмини ривожлантириш мақсадида марказ директори ислом олами намоёндалари Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Имом Замахшарий ва бошқа буюк аждодларимиз меросини Покистон оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқлар ва блогерлар имкониятлари орқали тарғиб қилишга тайёрлигини билдирди.
Покистон ёшлари учун бизнес-саёҳатлар ва ёзги лагерь турларини, шунингдек, ўзбек тур операторлари ёрдамида Қорақалпоғистон ва Хоразмга саёҳатларни ривожлантириш тўғрисида келишувга эришилди.
Шунингдек, MICE туризмини ривожлантириш учун элчихона Марказ ва Ўзбекистон Дин ишлари бўйича қўмита билан биргаликда Ўзбекистон зиёрат туризм элчиси ва Покистондаги «Нақшбандия» тариқати етакчиси Хассиб ур-Раҳмон кўмаги билан Покистон делегацияларининг буюк муҳаддис Имом Бухорий фаолиятига бағишланган халқаро конференцияда иштирок этишини ишлаб чиқади.
Мамлакатимиз элчихонаси маълумотига кўра, Ҳамид Маҳмуд Чаудри 31 январь куни Ўзбекистонга бир гуруҳ сайёҳлар билан ташриф буюрди. У Дин ишлари бўйича қўмита, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва «Uzbekistan Airways» компанияси мутасаддилари билан учрашувлар ўтказади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1268 times

Янгиликлар

Top