Ўзбекистон янгиликлари

Фаолият сарҳисоби – янги марраларга асос

Ўзбекистон мусулмонлари идораси мажлислар залида “Хотин-қизлар ўртасида маънавий-маърифий ишларни амалга оширишдаги вазифалар: муаммолар ва уларнинг ечими” мавзусида тадбир бўлиб ўтди. Унда Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар бош отинойилари, соҳа мутахассислари иштирок этди.

Тадбир Қуръон тиловати ва хайрли дуолар билан бошланди. Дастлаб Ўзбекистон мусулмонлари идораси раисининг биринчи ўринбосари Ҳомиджон Ишматбеков “Аёллар орасида фатво бериш ва тўқима ҳадислар айтишнинг салбий оқибатлари” мавзусида таъсирли маъруза қилди. Сўнгра Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Дилбар Ғуломова Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида қайд этилган аёлларга бўлган эътибор, хотин-қизлар ўртасидаги маънавий-маърифий ишлар борасидаги муаммолар ва уларнинг ечими ҳақида гапирди.

Шундан сўнг Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси ўринбосари Иброҳимжон Иномов “Отинойи ва ҳозирги замон” мавзусида нутқ сўзлади. Жумладан, ҳикматли сўзлар ва ажойиб ривоятлар билан отинойиларга чиройли насиҳат қилиб, уларнинг жамиятдаги аҳамиятлари ҳақида алоҳида тўхталди.

– Етти киши: кекса, одил подшоҳ, Қуръон билувчи, диний ва дунёвий олим, устоз, ота, она ҳурмат қилинган юртда барака ва тараққиёт бўлади. Буни ёшларга ҳам ўргатиш керак, шунда жамиятимиз ривожланади. Тарбия борасида эса отинойиларнинг аҳамияти жуда катта. Айниқса, ёшлар тарбиясига алоҳида эътибор бериши лозим, дея Иброҳимжон домла Иномов ўз фикрларини йиғилганларга етказди.

Шунингдек, йиғилишда Фарғона, Жиззах ва Тошкент вилоятлари бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчилари Ҳилола Комилова, Фароғат Сатторова ва Нигора Имомовалар 2020 йилда ўз ҳудудларида амалга оширилган ишлар ҳисоботини беришди.

Тадбир давомида Ҳуқуқшунослик, Муҳтасиблик, Масжидлар бўлимлари ва “Вақф” хайрия жамоат фонди вакиллари билан отинойилар ўртасида савол-жавоблар ўтказилди.

Йиғилиш сўнгида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходимаси Марямхон Абдуллаева энг фаол ходима сифатида тақдирланди. Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар бош имом-хатибларининг хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиларига эса ҳадялар тарқатилди.

Самимий мулоқот ва қизғин савол-жавоблар тарзида ўтган йиғилиш иштирокчиларда илиқ таассурот қолдирди.

 

Зуҳрахон ҲАМДАМОВА,
журналист

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1611 times

Янгиликлар

Top