Ўзбекистон янгиликлари

Султон Увайс Қараний зиёратгоҳининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди

2021 йил 20 февраль куни Наманган вилояти Чортоқ тумани Балиқли кўл қишлоғида жойлашган Султон Увайс Қараний зиёратгоҳининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Тантанали маросимда Наманган вилояти ҳокимлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакиллари қатнашди.

Маълумки, Султон Увайс Қараний зиёратгоҳи Чортоқ туман марказидан 35 км узоқликдаги Балиқли кўл қишлоғида жойлашган. Зиёратгоҳда ислом оламининг табаррук авлиёларидан бири Султон Увайс Қаранийнинг мақбаралари мавжуд.

Муҳтарам Президентимиз 2017 йил 7 июль куни Увайс Қараний зиёратгоҳига ташриф буюрганларидан сўнг, зиёратгоҳнинг 6 гектар майдонида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилиб, 1500 тупдан ортиқ манзарали дарахтлар ва гул кўчатлари экилди.

Султон Увайс Қараний мақбараси тўлиқ қайта қурилди.

1400 ўринга мўлжанланган масжид ва таҳоратхона, мақбара ёнида айвон, замонавий меҳмонхона, миллий музей ва кутубхона, 3 та фаввора, дам олиш айвонлари ва хизмат кўрсатиш шохобчалари қурилди.

Увайс Қараний зиёратгоҳининг жанубий томонида оналари Биби Наима она зиёратгоҳи жойлашган. Биби Наима она зиёратгоҳида ҳам қурилиш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилди. 4 гектар майдон ободонлаштирилиб, 1000 тупдан ортиқ манзарали дарахтлар экилди. Буларнинг барчаси зиёратгоҳнинг кўркига кўрк бағишлаб турибди.

Ушбу зиёратгоҳнинг тантанали очилиш маросимида сўзга чиққанлар Президентимиз ташаббуси билан ушбу муборак маскан бугун ўзгача чирой очгани, зиёратчилар учун барча қулайлик ва шароитлар яратилгани, кейинги 4 йил ичида мамлакатимизда қурилиш соҳасидаги янги, замонавий жаҳон стандартларига тўлиқ жавоб берадиган бинолар, иншоотлар қад ростлаётгани, тарихий обидаларимизни қуриш ва реконструкция қилишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидладилар.

Шунингдек, ушбу зиёратгоҳ зиёрат туризмини ривожлантириш борасида навбатдаги муҳим қадам бўлгани, бир сўз билан айтганда Наманган вилоятининг ташриф қоғозига айланиши эътироф этилди.

Шу куни иштирокчилар зиёратгоҳдаги бунёдкорлик ва қурилиш ишлари билан яқиндан танишдилар.

Шундан сўнг, Султон Увайс Қаранийга бағишланган илмий конференция бўлиб ўтди. Конференция ишида 100 га яқин маҳаллий ва хорижлик олимлар, профессор-ўқитувчилар он-лайн тарзда иштирок этди.

Унда сўзга чиққанлар сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оиширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар, улуғ алломаларимизнинг ибратли ҳаёти ва бой илмий меросини ўрганиш ва халқимизга етказишнинг аҳамияти ҳақида тўхталиб, буюк аждодларимиз қадамжоларининг обод этилиши халқимиз маънавиятининг янада юксалишига боис бўлаётганини қайд этдилар.

Тантанали очилиш маросими доирасида мажмуада Қурбонлик қилиниб, тадбир иштирокчиларига дастурхон ёзилиб, эзгу дуолар қилинди.

 

Дин ишлари бўйича қўмита

Ахборот хизмати

Read 1802 times

Янгиликлар

Top