Ўзбекистон янгиликлари

Мусулмон лоқайд бўлмайди

Бугун биз ҳаёт суръати беқиёс даражада тезлашган шундай замонда яшаяпмизки, инсоният ҳозирга қадар бундай даврни бошидан кечирган эмас. Ҳозирги замонда мафкуравий хатарлар тоборо кучайиб бормоқда. Маълумки, мусулмон кишининг энг муҳим хусусиятларидан бири ҳам хушёрлик ва огоҳлик ҳисобланади. У қўни-қўшни, дўст-биродар ҳамда қариндошлар ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради.

Бефарқлик, лоқайдлик, эътиборсизлик мусулмон кишига ёт тушунчадир. Зеро, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам бундай марҳамат қиладилар: “Мусулмонлар бир жасад кабидир, агар унинг бир аъзоси касал бўлса, қолганларини иситма олади”. Бу ҳадисда бир жамиятда яшаётган мўмин-мусулмонлар гўё бир тан-у бир жон экани, шу жамиятдаги муаммо унинг ҳар бир аъзосига алоқадор эканлиги айтилмоқда. Шунингдек, бошқа бир ҳадиси шарифда шундай дейилади: “Мусулмон киши ўзи тўқ бўла туриб, қўшнисини оч ҳолда қолдирмайди”.

Демак, мусулмон киши қўни-қўшни, маҳалладошлари ҳолидан доимо хабардор бўлиб туради дегани эмасми? Мусулмон киши бировнинг ҳаётига, ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга бефарқ ва бетараф қараб, шунчаки кузатувчи бўлиб яшамайди. Кимдир нотўғри, ёмон иш қилаётганини ёки ахлоқсизлик қилиб, беҳаё ва бепарда гапларни айтаётганини ёки бировнинг бошқасига зулм, адолатсизлик қилаётганини кўриб ёки эшитиб, индамай кетавермайди. Балки уни қайтаради, тўғрилик билан тушунтиради.

Хулоса қилиб шуни айтиш мумкинки, ҳушёр ва огоҳ бўлиб яшаш ҳамда лоқайд бўлмасдан яшаш бизнинг фуқаролик бурчимиз бўлиши билан бирга, мусулмон сифатидаги диний масъулиятимиз, ҳар биримизнинг зиммамиздаги вазифамиздир. Шунинг учун доимо ён-атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга ҳушёрлик ва огоҳлик кўзи билан боқиб, жамият олдидаги омонатимизни адо этиб боришимиз лозим. Аллоҳ таоло ҳаммамизга хайрли ишларда мададкор бўлсин.

 

Абдулло АЗИЗУЛЛАЕВ,
Гулистон тумани “Ҳожиобод” жоме масжиди имоми

Read 1496 times

Янгиликлар

Top