Ўзбекистон янгиликлари

Тўфондан талофат кўрган масжид обод бўлди

Ўтган йили 27 апрелда Бухоро вилоятида бўлган кучли тўфонда Олот туманидаги “Халифа” жоме масжиди ҳам катта талафот кўрган эди. Ўзбекистон мусулмонлар идораси, маҳаллий ҳокимлик ташаббуси ва саъй-ҳаракати, соҳоватпеша инсонлар кўмаги билан ушбу масжид обод қилинди.

Хонақоҳ устидаги 13 метрли қайта таъмирланган гумбаз жомега ўзача маҳобат ва кўрк бағишлаб турибди. Катта хонақоҳнинг ўзида 1000 дан зиёд намозхон ибодат қилиши мумкин.

Замонавий усулдаги исситиш тизими ва совутгичлар ўрнатилди. Шунингдек, таҳоратхона, кутубхона, маъмурият хоналари, автомобил қўйиш майдони қурилди, ҳовлига манзарли дарахт ва гуллар экилди.

Маълумот учун, “Халифа” жоме масжиди 1912-1914 йилларда маҳаллий аҳоли ҳашари билан қурилган. Собиқ совет иттифоқи даврида омборхонага айлантирилган. 1991 йилдан “Халифа” қишлоғининг марака-маросимлари ўтказиб келинган. Масжид 2003 йили давлат руйхатидан ўтказилди. Шундан сўнг жомеда кундалик жамоат, “жума”, “ҳайит” намозлари адо этиб келинмоқда.

Қуръони каримда масжидларни обод қилувчилар бундай васф қилинади: “Аллоҳнинг масжидларини фақат Аллоҳга ва охират кунига иймон келтирган, намозни тўкис адо этган, закотни (ҳақдорларга) ато қилган ва ёлғиз Аллоҳдангина қўрқадиган зотларгина обод қилурлар. Ана ўшалар ҳидоят топувчи зотлар бўлсалар, ажабмас” (Тавба сураси, 18-оят). Алҳамдулиллаҳ, ҳалқимиз орасида бундай кишилар кўпчиликни ташкил этади.

Аллоҳни яхши кўрадиган саҳоватпеша инсонлардан Ўзи рози бўлсин, ушбу хайрли ишга ҳисса қўшган барчага ажру мукофотини кўпайтириб берсин.

К.Мавлонов,
масжид имом-хатиби

Read 1747 times

Янгиликлар

Top