Ўзбекистон янгиликлари

"Меҳр-4" операцияси билан Афғонистондаги 24 юртдошимиз Ватанга қайтарилди

Сурхондарё вилоятини Афғонистон Ислом Республикаси билан боғлаб турувчи Ҳайратон кўпригида «Меҳр-4» операцияси амалга оширилди.

Kun.uz хабар беришича, Ўзбекистоннинг 24 нафар фуқароси Афғонистондан олиб чиқилди. Эвакуация қилинганларнинг 19 нафарини болалар ташкил этади. Уларнинг 4 нафари етим.

"Президентимиз ташаббуси билан бошлаб берилган «Меҳр-4» операциясига кўра юртимиздан қайсидир сабабларга ёки ботил ғояларга алданиб чиқиб кетган фуқароларимиз қайтарилмоқда. Бугун уларнинг кўзларидаги севинч, Ватан соғинчи кўрсатиб турибдики, юртимизда ўтказилаётган ислоҳотлар туфайли тинчлик-тотувлик, инсон ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича жуда катта ишлар амалга оширилмоқда.

«Меҳр» операцияси давомида олиб келинган фуқароларимиз юртимизда инсон қадр-қийматини юксак даражага кўтариш бўйича олиб борилаётган ишларни билишлари ва қалбан ҳис қилишлари керак. Энди давлатимиз томонидан кўрсатилаётган меҳр-мурувват, афвга нисбатан улар ўзларига билдирилаётган ишончни оқлашлари керак бўлади», — дейди Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот маркази директори, халқаро ҳадисшунослик фанлари доктори Шукурулло Умаров.

Қайд этиб ўтиш жоизки, 2017 йилдан 2020 йилгача Афғонистон махсус хизматлари билан ҳамкорликда 86 нафар фуқаро Ўзбекистонга олиб келинган.

Афғонистон томонидан Ҳайратон комиссари Нуриддин Рауфий бу хайрли ишлар ҳар икки давлат раҳбарларининг сиёсий иродаси ўлароқ амалга оширилаётганини таъкидлаб ўтди.

Афғонистондан бугунгача олиб чиқилган фуқароларнинг 23 нафари эркак, 16 нафари аёл, яна 47 нафари болалар бўлган.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1441 times

Янгиликлар

Top