Ўзбекистон янгиликлари

"Imagine Magazin": Буюк ипак йўлидаги орзулар макони

Швейцариядаги йирик сайёҳлик нашрлардан бири - «Imagine Magazin» журналида Ўзбекистон тарихий шаҳарлари ва қадимий обидаларига бағишланган «Ўзбекистон – Буюк ипак йўлидаги орзулар макони» (Usbekistan – Die Traumdestination an der Seidenstraße) сарлавҳали мақола чоп этилди, деб хабар бермоқда «Дунё» АА.

Журналист Урс Хубшер қаламига мансуб ва ранг-баранг фотосуратлар билан безатилган мазкур мақолада аксарият европалик сайёҳлар учун кўп қирралари очилмаган Ўзбекистон, унда Шарқ ва Ғарб маданиятларининг мужассамлиги хорижликлар қизиқишини ўзига жалб этиши баён этилган.

«Ўзбекистон – турли хил маданиятлар кесишган ва янгича саёҳатдан гашт олишга иштиёқманд туристлар учун жозибадор юрт», - деб таъкидланган мақолада.

Ўз навбатида, мақолада шарқона анъаналар, бетакрор табиат ва бой маданиятга эга Ўзбекистонга саёҳат қилиш учун виза лозим эмаслиги, ҳозирги пандемия шароитида эса коронавирусга тест топширган ҳолда юртимизга ташриф буюриш мумкинлиги бўйича маълумот берилган.

«Ўзбекистон асрлар давомида сайёҳлар учун қизиқарли макон бўлиб келмоқда. Иқлимий ўзига хослигини инобатга олиб, мазкур диёрга саёҳат қилиш учун энг қулай давр март ойидан май ойининг охиригача ёки сентябрдан ноябрь ойининг ўртасигача эканини айтиш керак. Ўз навбатида, жорий йилнинг 4 мартидан бошлаб Франкфурт-Майндан Тошкентга тўғридан-тўғри парвозлар қайта тикланди”, - деб ёзади муаллиф.

Мақолада, шунингдек, юртимиз, унинг тарихий аҳамияти, қадимий шаҳарлари ва маданий обидаларининг Буюк ипак йўлидаги «фавқулодда контрастга бой хазина» экани таъкидланиб, ЮНЕСКО ва бошқа халқаро ташкилотларнинг эътирофи ва доимий диққатига сазоворлиги эслатиб ўтилган.

Нашрда Самарқанд шаҳри, унинг бетакрор тарихий ёдгорликлари, Регистон ансамблига алоҳида эътибор қаратилган. «Регистон майдони ўзида учта катта мадрасани бирлаштирган ҳамда Марказий Осиёнинг энг гўзал ва маҳобатли меъморий ансамблидир», деб қайд этилади материалда.

Германиялик журналист, шунингдек, Ўзбекистондаги сайёҳлик йўналишлари ҳақида ҳам маълумотлар бериб, тарихий шаҳарлар билан танишишдан ташқари қишки спорт ёки экстримал туризм учун ҳам кенг имкониятлар яратилганлиги, ўзбек ошхонасининг ажойиблиги тўғрисида маълумотлар тақдим этади.

«Денгиз сатҳидан 2000 метр баландликда жойлашган замонавий тоғ-чанғи масканлари нафақат профессионал спортчиларга, балки ҳаваскорлар учун ҳам кенг имкониятлар тақдим этади... Ўзбек ошхонаси турли такрорланмас таъм билан ҳар қандай хорижликни лол қолдириши аниқ. Бунинг исботи сифатида ушбу диёрнинг овқатлари ва меҳмондўстлиги доимо тан олинишини кўрсатиш мумкин», дейди «Imagine Magazin» журнали.
Ўзбекистонликлар ўзларининг тарих билан мужассамлашган замонавий анъаналаридан фахрланиши, юртимизда хорижлик сайёҳлар учун барча қулайлик ва шарт-шароитлар яратилганлиги, йилдан йилга сайёҳлар сони ортиб бораётгани таъкидланган.

«Шарқ ва Ғарб ўртасида кўприк сифатида сўнгги йилларда Ўзбекистонга ташриф буюрувчилар сони кескин ошди. 2012 йилда мамлакатга 2 миллионга яқин хорижлик сайёҳ келган бўлса 2019 йил якунида ушбу рақам 6,7 миллион кишини ташкил этди», - деб хулоса қилади Урс Хубшер.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1293 times

Янгиликлар

Top