Ўзбекистон янгиликлари

Муфтий ҳазрат Афғонистон уламолари билан мулоқот ўтказди

Шу йил 17 март куни Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий бошчилигидаги делегацияни қабул қилди.

Мулоқот чоғида Муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари меҳмонларни ташриф билан қутлаб, Самарқанд шаҳрида ўтказилган “Имом Бухорий меросининг ўзига хос-хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусидаги халқаро анжуман кўтаринки ва фойдали бўлгани, юртимизда сўнгги йилларда диний-маърифий соҳада амалга оширилаётган янгиланишлар ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси фаолияти тўғрисида маълумот берди.

Муҳаммад Қосим Ҳалимий ўз сўзида мамлакатимиздаги ижтимоий ҳаётнинг турли соҳалари, жумладан, диний соҳада амалга оширилаётган кенг қамровли ишларни эътироф этди. Тошкент шаҳридаги “Ҳазрати Имом” мажмуасидаги обидалар, хусусан, Ислом цивилизацияси марказининг қурилиш жараёнига юқори баҳо берди.

Шу билан бирга, Самарқандда юқори савияда ташкил этилган халқаро анжуман ва афғон делегациясига республикада амалга оширилаётган ислоҳотлар билан яқиндан таништирилгани учун самимий миннатдорлигини билдирди. Халқаро анжуманда имзоланган баёнот уч мамлакат халқлари учун ижобий самаралар беришини қайд этди.

Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов уламоларнинг ҳамкорлиги икки давлат алоқаларини мустаҳкамлаши, халқлар ўртасидаги дўстликни яхшиланишини таъкидлади. Замонавий таҳдид ва хуружларга қарши курашда ҳамкорлик қилиш, биргаликда фатво ва шаръий хулосалар тайёрлаш каби таклифларни тақдим этди.

Дўстона ва самимий руҳда ўтган мулоқот якунида меҳмонларга эсдалик совғалари топширилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1655 times
Tagged under

Янгиликлар

Top