Ўзбекистон янгиликлари

Имом Мотуридий таълимоти Европада кенг ўрганилмоқда

Яқинда Имом Мотуридий қаламига мансуб “Китоб ат-тавҳид” асарининг факсимиле нусхаси билан танишиб чиқдим. Китоб ўта нодир бўлиб, Беларусда, аниқроғи, Беларусь муфтиятининг илмий тадқиқотлар департаменти томонидан нашр этилган.

“Китоб-ат-тавҳид” ХХ асрнинг ўрталаригача бизгача етиб келмаган, деб ҳисобланган. 1950 йилларда асарнинг ягона қўлёзма нусхаси топилган. Ҳозир у Кембриж университети кутубхонасида сақланмоқда. Қўлёзманинг факсимиле нусхаси Беларусда 2019 йилда илмий мақсадда ёш, изланувчан исломшунос олим, Минск масжиди имоми Мақсат ҳазрат Овезовнинг ташаббуси билан нашрдан чиққан.

Мазкур нашрга тадқиқот материали илова қилинган бўлиб, унда Имом Мотуридий ва унинг мероси тўғрисида маълумот берилган. Бу нусха ҳозир Беларусдаги Ислом музейидан ўрин олган.
Беларусь жуғрофий ўрнига кўра қадимдан Шарқ ва Ғарб тамаддуни ўртасида кўприк вазифасини бажариб келаётган минтақадир. Мамлакат ўз ҳудудида яшайдиган турли миллат ва элатлар маданияти ва диний қадриятларининг ибратли жиҳатларини ўзлаштирган. Бу ерда, айниқса, ғарбий ва шарқий насроний черковларининг илоҳиёт мактабларига кенг ўрин берилган. Беларусда мусулмонлар олти асрдан буён истиқомат қилиб келаётгани эътиборга молик. Хусусан, соҳибқирон Амир Темур томонидан зарбага учраган Тўхтамишхон қўшинларининг омон қолган қисми мамлакат ғарбий ҳудудларида ўрнашиб қолиши мусулмонлар ҳаётида муҳим аҳамиятга эга бўлди. Мусулмонлар шундан буён бу мамлакатда муқим яшаб келмоқда.

ХХ аср бошларида Беларусь пойтахти Минскда тошдан Марказий Европа минтақасида ягона ҳисобланган масжид бунёд этилди. Бу мусулмонлар учун тарихий аҳамиятга молик воқеа эди. Бироқ совет мафкураси туфайли масжид орадан кўп ўтмай ёпилган. Энг ачинарлиси, у 1968 йилда бузиб ташланган.

2016 йилда масжид янгидан бунёд этилди. Шаҳар марказида қад кўтарган янги иншоот Беларусь халқига ислом маърифий олами билан яқиндан танишиш имконини берди. Мазкур бинода мамлакат муфтияти, Беларусдаги биринчи Ислом музейи, шунингдек, маданий ва маърифий тарғибот маркази жойлашган.

Муфтиятнинг илмий тадқиқот департаменти 2018 йилдан буён фаолият юритиб, ислом динига оид китобларни беларусь тилида чоп этишга бош-қош бўлиб келмоқда. Департамент Қуръони каримни ўрганиш ва ақоид илмига оид тадқиқотлар билан ҳам шуғулланмоқда. Унга Минск масжиди имоми Мақсат ҳазрат Овезов раҳбарлик қиляпти.
Беларусда Алам ул-Худо – “Ҳақ йўли байроғи” кўнясини олган Имом Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Мотуридий диний таълимотининг асосий йўналиш сифатида танланиши эътиборга молик.

Беларусь илоҳиётчи олимлари Мотуридий диний таълимотини нафақат ислом олами, балки бутун инсониятнинг бугуни ва эртаси учун хизмат қиладиган ислом диний тафаккурининг истиқболли йўналиши сифатида ривожлантиришга интилмоқда. Хусусан, Мақсат ҳазрат Овезов Имом Мотуридий илмий мероси ва фаолияти борасида қатор илмий тадқиқотларга бош-қош бўлмоқда.
Бизгача Имом Мотуридий шахсига доир жуда кам маълумот етиб келган. Бугунги кунда унинг мероси ва шахсиятига доир маълумотларни излаб топиш борасида ишлар олиб борилмоқда.

Беларусь исломшунослари Мотуридий меросини ўрганаётган чет эллик олимлар билан ҳам ҳамкорлик қилмоқда. Масалан, туркиялик олим, профессор Сўнмес Қутлудан Жамолиддин ал-Қарший асарлари воситасида Имом Мотуридийнинг зоҳирий кўриниши тўғрисида қимматли маълумотнома олинди.

Беларусь муфтияти Мотуридий диний таълимоти бўйича Марказий Европа марказини ташкил этишни мақсад қилган. Айни пайтда бу йўналишда катта ишлар амалга оширилмоқда. Ўтган асрларда яшаб ўтган ва ҳозирги давр олимларининг шу йўналишда эришган ютуқлари умумлаштирилиб, китоблар ва ислом дини бўйича Минск масжидида бўлиб ўтадиган дарсларда европаликлар тушунадиган ва қабул қиладиган талқинда етказиляпти.

Беларусга Мотуридий таълимоти етакчиларидан бири Абу Ҳафс Умар ибн Муҳаммад ан-Насафийнинг “Ақоид ан-Насафия” китоби олиб келинди. Минск масжидида диний таълим олган, уни муваффақият билан тугаллаган талабалар Мотуридий таълимоти мазмун-моҳиятини шу ерда истиқомат қилаётган мусулмонларга етказади.

Мақсат ҳазрат Қуръони каримнинг “Ал-Ихлос” сураси тафсирини араб, турк, инглиз ва рус тилларида ёзиб, нашр эттирди. Ушбу сура Имом Мотуридий, Абу Ҳафс ан-Насафий, Абу Лайс Самарқандий, Саъад ад-дин ат-Тафтазоний, Абу Ҳафс ал-Ғазнавий каби мотуридийшунос олимлар фикрига таянган ҳолда тафсир қилинган. Шунингдек, ҳанафийлик мазҳаби ақидаларига таяниб ёзилган “Ақида ат–таҳавия” асосида видеодарслар туркуми тайёрланди. Уларда ушбу китоб мазмун-моҳияти мотуридийшунос олимларнинг изоҳ ва шарҳлари асосида очиб берилган. Видеодарслар беларуслик барча мусулмонларга Имом Мотуридий диний таълимотини етказиш бўйича самарали усул бўлди.

Муфтият чет элдаги ислом марказлари ва ташкилотлари, жумладан, Мотуридий диний таълимотини тадқиқ қилиш бўйича Россия мусулмонлари диний идоралари билан яқин алоқа ва ҳамкорлик ўрнатган. Шунингдек, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил этилган Имом Мотуридий халқаро илмий тадқиқот маркази билан ҳамкорликни йўлга қўйиш зарурияти мавжуд.

Ўзбекистоннинг ислом илм-фани ва таълими муассасалари билан тажриба алмашиш, таълим соҳасида малака ошириш бўйича яқин ҳамкорлик қилиш Мотуридий таълимотини ривожлантириш суръатларини жадаллаштириш имконини беради. Айниқса, бу муҳтарам зот меросини ўрганаётган мотуридийшуносларга қўлёзмалар архиви билан ишлаш муҳим ҳисобланади. Имом Мотуридий меросига бағишланган анжуманларда иштирок этиш, бу таълимот борасида Ўзбекистон ва Беларусда тақдим этилган адабиётларни ўзаро алмашиш ишларини кенг йўлга қўйиш имконияти пайдо бўлади.

Беларусь диншунослари томонидан олиб борилаётган илмий изланишлар фақат тор доира билан чекланиб қолмай, балки барча хоҳловчиларни Мотуридий таълимоти билан таништиришни мақсад қилган.

Дониёр Обидов,
Ўзбекистоннинг Беларусдаги эчихонаси маслаҳатчиси, сиёсий фанлар доктори

Read 1448 times

Янгиликлар

Top