Ўзбекистон янгиликлари

Ҳасанбой Мерожов: “Ҳаёт улуғ неъматлигини кеч тушундим”

Инсон бу ҳаётда билиб-билмай хатога йўл қўяди. Кимдир пушаймон бўлиб тўғри йўлга қайтади, кимдир эса йўқ.

Мамлакатимизда ўз қилмишининг қонунга хилофлигини англаб, қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлган шахсларнинг афв этилиши халқимизга хос кечиримлилик, бағрикенгликнинг амалий ифодасидир.

Давлатимиз раҳбари Наврўз умумхалқ байрами арафасида “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида”ги фармонни имзолагани ҳам инсонпарварликдан далолатдир.

Афв этилганлар орасида 6 нафар фарғоналик маҳкумлар ҳам бўлиб, уларнинг ўз уйларига қайтарилиши байрам кунларида оналари, аёллари, фарзандлари қалбини шодликка тўлдирди.

ЎзА хабарига кўра, Ёзёвон туманилик Ҳасанбой Мерожов шулардан бири. У ҳаётда тўғри йўлдан адашди, диний оқим таъсирига тушиб қолди. 1999 йилда жиноят ишлари бўйича Фарғона вилоят суди ҳукми билан ўн етти йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган. 2016 йилда Жиноят ишлари бўйича Қўнғирот туман суди томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 221-моддаси тартибида 5 йил 15 кун муддатга қўшимча озодликдан маҳрум этилган.

У қилмишидан чин пушаймонлиги боис афв этилиб, оиласи бағрига қайтди.
– Ҳаёт улуғ неъмат эканлигини кеч тушундим, аммо барибир англадим, – дейди у. – Оилам, яқинларим бағрига қайтишдан ортиқ саодат борми?! Бунинг учун Президентимиздан беҳад миннатдорман. Жазони ижро этиш муассасасида қилмишларимни ўйлаб, хатоимни тушуниб етдим ва пушаймон бўлдим. Ҳунармандчилик билан шуғулланиш ниятидаман.

Бугунги кунда афв этилганларнинг жамиятга мослашувини таъминлаш, ҳар томонлама ёрдам кўрсатиш долзарб вазифалардан саналади. Вилоят ИИБ пробация бошқармаси томонидан бу борада амалий ишлар олиб борилмоқда. Хусусан, уларга бир марталик кўмак пули берилди, тиббий кўрикдан ўтказилди. Айни кунларда иш билан таъминлаш чоралари кўрилмоқда.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1429 times

Янгиликлар

Top