Ўзбекистон янгиликлари

Афғонистонда Ўзбекистонда чоп этилган китоблар тақдимоти ўтказилди

Мамлакатимизнинг Кобулдаги элчихонасида Ўзбекистон-Афғонистон алоқаларини ривожлантириш бўйича “Йўл харитаси” ижросини таъминлашга оид давра суҳбати ўтказилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА. Унда Афғонистон Ҳаж ва дин ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий, вазирлик ходимлари, диний уламолар иштирок этди.

Тадбир давомида Ўзбекистонда чоп этилган Имом Бухорий ва Имом Термизий маънавий меросига бағишланган китоблар тақдимоти ўтказилди.

Ўзбекистонда диний соҳада амалга оширилаётган ислоҳотлар ва диний бағрикенгликни таъминлаш бўйича олиб борилаётган ишлар борасида батафсил маълумот меҳмонлар диққатига ҳавола этилди. Самарқанд шаҳрида бўлиб ўтган “Имом Бухорий меросининг ўзига хос хусусиятлари ва бугунги кундаги тарбиявий аҳамияти” мавзусидаги халқаро конференцияда Афғонистон делегациясининг иштироки борасида тайёрланган ҳужжатли фильм ҳам намойиш этилди.

Шунингдек, Дин ишлари бўйича қўмита ва Ўзбекистон мусулмонлари идораси раҳбарияти билан учрашувларда диний соҳада ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ривожлантириш масалалари муҳокама этилгани таъкидланди.

Анжуман иштирокчилари Ўзбекистон заминида яшаб ўтган буюк муҳаддисларнинг ҳаёти ва мероси, Имом Бухорий халқаро маркази ва Ислом цивилизацияси маркази фаолиятини Афғонистон оммавий ахборот воситаларида кенг тарғиб қилиш, Ўзбекистонда ёш афғон мутахассислари учун “Ислом миниатюраси” йўналиши бўйича ўқув-амалий курслари ташкил этиш, Афғонистонлик уламолар вакилларидан иборат гуруҳларнинг Ўзбекистонга зиёрат туризми дастури доирасида сафарларини уюштириш ва бошқа йўналишлардаги ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилди.

 

Ўзбекистон мусулмонлари идораси матбуот хизмати

Read 1860 times

Янгиликлар

Top